Самарқандда 14 миллион долларга қурилган туннель битта ёмғирга ҳам чидай олмади
Жамият
−
04 Январь 2022
23233Ижтимоий тармоқларда 2021 йилнинг 31 декабрь куни фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги туннелнинг тепа қисмидан сув ўтгани акс этган видео тарқалди. Унда қайд этилишича, 14 миллион доллар эвазига 3 йил давомида қурилган туннель 3 кунга бормай нурашни бошлаган.
Ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири Самарқанд вилояти ҳокимлиги Матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев билан мулоқот қилди.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, туннель ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган, қурилиш ишлари эса давом этмоқда.
“Ёмғир ёғганлиги сабаб тирбандлик юзага келмаслиги учун машиналар ҳаракатланишига рухсат берилган эди, аммо ҳали туннель тўлиқ фойдаланишга топширилгани йўқ, қурилиш ишлари давом этмоқда”, дейди ҳокимлик маъсули.
Шунингдек, Манучеҳр Мирзаев мазкур ҳолат юзасидан тез орада Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий муносабат билдиришини қўшимча қилди.
Маълумот учун, туннель қурилиши 2019 йил охирида бошланган бўлиб, қурилиш ишларига 143 млрд сўм сарфланган. Бу маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.
Туннель шаклидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 675 метр. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 20 метр, баландлиги 5,7 метр ва кенглиги ўртача 26,3 метрни, тиргак деворларининг умумий узунлиги 551 метрни ташкил этади.
2021 йилнинг 31 декабрь куни тантанали равишда туннелинг очилиш маросими ўтказилиб, унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этганди. Ҳоким самарқандликларни туннель очилганлиги ва Янги йил билан табриклаган эди. Агар туннел синов тариқасида иш бошлаган бўлса, нега ҳали битмаган туннел учун шунча пул ва ҳокимбуванинг қимматли вақтларини сарфлаб тантанали очилиш маросими ўтказилди?
LiveБарчаси