3 вилоятдаги 13 та туманда махсус солиқ ставкалари жорий этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда шароити “оғир” бўлган туманлар учун махсус солиқ ставкалари ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Бу махсус ставкалар Қашқадарё вилоятининг 5, Навоий вилоятининг 4 ва Тошкент вилоятининг 4 туманида амал қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фармон лойиҳасида қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани учун махсус солиқ ставкаларини ўрнатиш тажрибаси асосида шароити “оғир” бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилади.

Бунда, 2025 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз ставкада, фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган миқдорда ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз ставкада тўлаш тизими қуйидаги ҳудудлар учун жорий этилади:

•  Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Деҳқонобод, Касби, Миришкор ва Нишон туманлари;

•  Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех ва Нурота туманлари;

•  Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Бекобод туманлари.

Молия вазирлиги  Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қуйидаги лойиҳаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим:

•  шароити “оғир” бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун алоҳида солиқ ставкаларни ўрнатиш бўйича қонун;

•  айрим туманларда туризм учун махсус солиқ режими жорий қилиш, шу жумладан янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларини ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўлаш тизмини жорий қилиш юзасидан қонунчилик ҳужжати.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг