АҚШ ва Британия элчилари Ҳукуматни Нажмиддинова масаласида чора кўришга чақиряпти
Жамият
−
12 Август 2021
15148Хабарингиз бор, ўтган ҳафта охирида QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддиновага нисбатан уюштирилган туҳмат, ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеога АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэль Розенблюм ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Twitter’даги саҳифаси орқали муносабат билдирди.
Тим Торлот ўзининг жорий йил 8 август куни жойлаштирган твитида шундай ёзади:
“Биз QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қарши ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Бундай хатти-ҳаракатларга ҳеч қандай асос йўқ. Биз ушбу ҳужум кенг миқёсда муҳокама қилинганидан хурсандмиз”.
У ўз сўзига #Men_Feruzaman ҳештегини ҳам илова қилади.
АҚШ элчиси эса Феруза Нажмиддиновага нисбатан туҳматни сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолайди. У бугун, 12 август куни жойлаштирган твитида шундай деган:
“Биз ушбу ҳафта QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қарши қилинган туҳматли ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва бошқалар қатори ҳукуматни тегишли чоралар кўришга ундаймиз. Президент Мирзиёев кўп бора таъкидлаганидек, унинг ислоҳотлари муваффақиятга эришиши учун сўз эркинлиги керак”.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
8 август куни QALAMPIR.UZ ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашувисиз Olmazor city'да рўй берган номақбул ҳолатни ким видеога олганини аниқлаб, у билан мулоқот қилди.
9 август куни Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абуллаевга кўра, айбдорларни топиш ва жазолаш ИИВ учун "честь" масаласи.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь