“Запрет”га тушган Зокирова, дараги чиққан Комилов, ўзбек-қирғиз чегарасидан топилган яширин тоннель… Ҳафта дайжести

Таҳлил

Ўзбекистон ҳаёти ва халқаро майдонда муҳим воқеаларга бой бўлган яна бир ҳафта ортда қолди. Ҳафта давомида Ўзбекистон ва Қирғизистонни боғловчи тоннелининг топилиши, “свет” ва газ нархи ошиши ҳамда март ойидан бери кўриниш бермааётган Абдулазиз Комиловнинг тадбирларда қатнаша бошлагани диққат марказида бўлди. Шунингдек, ҳафта охирида бензин нархи ошгани ва Наргиз Зокированинг Россияга 50 йил давомида кириши тақиқланиши ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Қайноқ хабарлар  тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистонда маймун чечаги аниқландими?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, одамларда маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари  Европа, Шимолий Америка ва Австралияда аниқланган эди.

Жорий йилнинг 24 май куни БААга Ғарбий Африкадан келган 29 ёшли аёлда маймун чечаги аниқлангани маълум қилинди.

Тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, айни пайтда бу инфекциянинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўриляпти.

Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва озғинлик киради.

Спортдаги натижалар яратилган шароитларга мос эмас – Шавкат Мирзиёев

Жорий йилда спорт соҳасига 2 триллион 300 миллиард сўм (2017 йилдан 5 бараварга кўп), шундан спорт таълим муассасалари учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбари спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмаслигини таъкидлаб, спорт коллежлари фойда бермаётганини танқид қилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистонни боғловчи ерости тоннели топилди

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора-Сув туманида мамлакатни Ўзбекистон билан боғловчи ерости тоннели топилди. 

Тоннелнинг чуқурлиги 15 метр, тоннелга кириш қисми 1,8 метр, эни 1,5 метр, кириш жойидан чегара чизиғигача 40 метр, киришдан чиқиш қисмигача 270 метрни ташкил этади.

Юқоридаги тоннель аниқланган  участка эгаси ҳозирда руҳий касалликлар шифохонасида ётганлиги сабабли, унинг ақли расолиги бўйича иккинчи экспертиза ўтказиш режалаштирилган.

Айни пайтда қурол-яроғ ва жиноят ашёлари олиб қўйилган.

Сенатнинг мартдаги мажлисидан кейин кўринмай қолган Комиловнинг дараги чиқди

Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фарҳан ибн Абдулла билан телефон орқали мулоқот қилди.

Комилов бунгача саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли хорижда даволанаётган эди. У ҳақида анча вақтгача ҳеч қандай маълумот берилмаганди.

Абдулазиз Комилов сўнгги бор жорий йилнинг 17 март куни Сенат ялпи мажлисида кўриниш берган эди. Унда вазир расмий Тошкент ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олмаслиги, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини эса қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Шундан сўнг, у ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ой охирларига келиб эса, Комиловнинг хорижда даволанаётгани хабар қилинди.

Наманганда 14 ёшли бола машинада ўз тенгдошини уриб кетди

2008 йилда туғилган бола  автомобилда ҳаракатланиб кетаётганида, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг ўнг четида кетаётган пиёда, 2008 йилда туғилган Х.Б.ни уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда газ ва “свет” нархи ошадими? Вазирлик изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда газ ва электр энергиясининг тўлов нархлари оширилиши бўйича хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Матбуот хизмати изоҳ берди.

Унга кўра, айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

Вазирлик маълумотларидан кўриниб турибдики, газ ва электр энергиясининг тўлов нархлари ошиши мумкин, аммо бу бир кунда юз бермайди.

Наргиз Зокирова 50 йил Россияга кириши тақиқланди

Жорий йилнинг 24 май куни Тошкентдан Москвага борган хонанда Наргиз Зокирова Домодедово аэропортида қўлга олинди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати қабул қилган қарорга кўра, хонанда Ўзбекистонга қайтгандан сўнг, Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 50 йилга – 2072 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Бухорода фахрий ёрлиқ олмаган битирувчи директорнинг устига сув сепиб юборди

Жорий йилнинг 25 май куни Бухородаги умумий ўрта таълим мактабида ўқувчи “Сўнгги қўнғироқ” байрами вақтида мактаб директори устига сув сепиб юборди.

Ўрганишлар жараёнида мактабнинг 11-синф битирувчиси  ўтказилган тадбир давомида унга фахрий ёрлиқ берилмаганидан норози бўлиб, жаҳл устида мактаб директорининг устига сув сепиб юборгани аниқланган.

Ана холос! Пиёда юрганларга пул берувчи 1hls лойиҳаси бекор қилингани маълум бўлди

Ўзбекистонда пиёда кўп юрганларга пул берувчи “Соғлом турмуш тарзи” (1hls) лойиҳаси бекор қилинган. Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони жорий йилнинг 6 апрель куни қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сон Фармонининг 4-банди ўз кучини йўқотди.

Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;

ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши белгиланганди.

4 ойда Ўзбекистонда қанча оила бузилиб кетгани очиқланди

2022 йилнинг январь-апрель ойларида республика бўйича 16 256 та оилада ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди. 

Тошкент шаҳри 1982 та кўрсаткич билан енг кўп ажримлар содир бўлган худуд сифатида турибди.

АИ-80 бензин нархи ошди

"Ўзбекнефтгаз” компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи оширилди ва 6 800 сўм (4,3 фоизга) этиб белгиланди.

Қайд этилишича, жорий йил бошига нисбатан нефть хомашёси котировкаси 1,3 баробарга (1 баррели учун 115 доллар), Европа давлатларида АЁҚШдаги бензин чакана нархи 1,2 – 2,0 баробарга ошиб тарихий антирекордлар янгиланган.

Таппида қолаётган қўллар, қимматлаётган “свет”, уйида чироқсиз ўтирадиган “замминистр”

Йил давомида қишлоқларда газ йўқлиги, "свет" тез-тез ўчиши, Ҳукумат аёлларнинг қўлини ҳалигача таппидан тозалай олмаётгани танқид қилинади. Тан олиш керакки бугунгача ҳар йили қиш фасли келишини фожиадек қабул қиладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади, афсуски.

Бир неча йилдан бери барқарор ушлаб турилган электр энергия нархи ошадими? Энергетика соҳаси жар ёқасига келиб қолган-у, ҳатто вазирлар ҳам уйида чироқсиз ўтирадими? QALAMPIR.UZ'нинг шу ва бошқа саволларига Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев жавоб берди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан интервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов Наргиз Зокирова 1hls лойиҳаси

Баҳолаганлар

596

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг