Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
Жамият
−
14 Апрель
4460Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун” орденининг “Офицер” даражаси билан тақдирланди. Бу ҳақда Италиянинг “Gazzetta Ufficiale” ҳукумат газетаси расмий сайтида эълон қилинган пресс-релизда сўз боради.
Қайд этиш жоиз, “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени Италиянинг олий давлат мукофоти бўлиб, 1951 йил 3 мартда таъсис этилган. У Италия фуқаролари ва чет элликларни адабиёт, санъат, иқтисодиёт, хайрия, ижтимоий ва гуманитар фаолият соҳаларида миллат олдидаги катта хизматлари учун тақдирлаш учун мўлжалланган.
Мукофотлаш Италия Президенти томонидан Вазирлар Кенгаши Раисининг розилиги билан, одатда йилига икки марта: 2 июнь (республика ташкил топган кун) ва 27 декабрь (Конституция куни) да амалга оширилади. Абдулазиз Комилов 2024 йил 27 декабрдаги қарорга кўра мукофотланган.
Маълумот учун, Абдулазиз Комилов 1947 йил 16 ноябрда туғилган. Ҳозирда у 77 ёшда. У 2012 йилдан 2022 йил апрелигача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритди. 2022 йилнинг 27 апрель куни Президентнинг тегишли фармони билан Комилов Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов 2023 йилда Япония Императори Нарухито томонидан “Чиқаётган қуёш катта кордон” ордени билан, 2024 йилда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг тегишли фармони билан Туркманистоннинг “Ҳурматли эл ёшуллиси” (“Hormatly il ýaşulusy”) унвони билан мукофотланганди.
LiveБарчаси