Тайинловларга бой ҳафта: кимлар “курси”сидан айрилдию кимлар “кўтарилди”
Жамият
−
17 Январь 2021
24711Якунига етаётган ҳафта Ўзбекистонда турли давлат ташкилотлари, ҳокимликларда тайинлов ва истеъфоларга бой бўлди. Айниқса, қатор вазирларнинг ўринбосарлари таркибида кўплаб ўзгаришлар юз берди. Қуйида мамлакатда ҳафта давомида амалга оширилган тайинлов ва истеъфоларни эслаб ўтамиз.
Лавозимдан олинганлар
Дастлаб 13 январь куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг бирдан икки нафар ўринбосари ишдан олинди.
Вазирнинг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари буйича ўринбосари Саидкамол Саидкаримович Хўжаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Шунингдек, Ботиржон Абдушукурович Сулаймонов Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори лавозимидан озод этилди.
Унинг ортидан Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Рўзибоев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. У 2018 йилда Сув хўжалиги вазирига биринчи ўринбосар этиб тайинланганди.
Шу куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Раҳимович Саломов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Ўктам Саломов 2020 йилнинг 30 июнида Тошкентдаги Турин политехника университети ректорлигидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
Унинг ортидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг ўзи ҳам ишдан олинди. Ҳукумат аъзоларидан яна Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Салиев Музаффар Холдорбоевич ҳам истеъфога чиқарилди.
Ишдан бўшатишлар шу билан тўхтамади. Қуйироқда Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов ҳам лавозимидан кетди.
Лавозимга тайинланганлар
13 январда Баҳром Юсупов Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Баҳром Юсупов 1976 йил Шаҳрисабз туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Япониядаги Сиёсий фанлар миллий институти ва АҚШдаги Оклахома университетларини тамомлаган. 2012-2016 йиллар давомида Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ҳам ишлаган.
14 январда Абдукодир Ҳамидович Тошқулов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тайинланди. Абдукодир Тошқулов бунгача Термиз давлат университети ректори сифатда фаолият юритиб келаётганди.
Шерзод Ҳидоятов Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Давронжон Кобилжонович Одилов Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У Юнусобод туманидаги “Gold Step Invest” масъулияти чекланган жамияти директорининг қурилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига биноан, Фазлиддин Каримович Умаров Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимига тайинланди. Шу сабабдан Халилилло Тўрахўжаев Кадастр агентлиги директори лавозимидан озод қилинди. Унинг номзоди Олий суд раиси ўринбосари лавозимига кўриб чиқилаётгани маълум бўлди.
Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов Транспорт вазирига ўринбосар этиб тайинланди. У 2018 йилда пойтахт раҳбарлигидан кетгач, Юнусобод тумани ҳокими лавозимида ишлаётганди.
Усмоновдан бўшаган “курси”га Бектемир туманининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов тайинланди. У 2017-2020 йилларда Сирдарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, 2020-2021 йилларда Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокими сифатида ишлаган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимидан олинган Салиев Музаффар Холдорбоевич Нурафшон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.
Ҳафта давомидаги муҳим лавозимий ўзгаришлардан бири Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевнинг ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиши бўлди. Унинг ўрнига сенатор Феруза Фарҳодовна Эшматова омбудсман этиб сайланди.
Собиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов Ўзбекистон Миллий университети ректори этиб тайинланди. Тошқуловдан бўшаган ТерДУ ректорлиги лавозимига Авазжон Раҳимович Мараҳимов тайинланди. Ўктам Раҳимович Саломов Фарғона политехника институти ректори бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши билан барча вилоятларга янги суд раислари тайинланди.
Давлат раҳбарининг тегишли фармойишига кўра:
Ўткиржон Жумаев - беш йил муддатга Жиззах вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Ўткиржон Жумаев 1975 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Луқмон Қодиров - беш йил муддатга Бухоро вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Луқмон Қодиров 1966 йилда туғилган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида ишлаган.
Шуҳрат Камолов - беш йил муддатга Фарғона вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Шуҳрат Камолов 1977 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Ҳамидулла Қудратов – судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига ва шунинг беш йил муддатга Навоий вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Ҳамидулла Қудратов 1959 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судининг раиси лавозимида ишлаган.
Абдуқаюм Маҳкамов – беш йил муддатга Қашқадарё вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Абдуқаюм Маҳкамов 1957 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг раиси лавозимида ишлаган.
Талъатжон Мелибоев – беш йил муддатга Андижон вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Талъатжон Мелибоев 1975 йилда туғилган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида ишлаган.
Баҳодир Полванов – беш йил муддатга Хоразм вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Баҳодир Полванов 1979 йилда туғилган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси судьяси лавозимида ишлаган.
Абдулқосим Рўзиқулов – беш йил муддатга Сурхондарё вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Абдулқосим Рўзиқулов 1965 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг раиси лавозимида ишлаган.
Дилшод Тожибоев – беш йил муддатга Тошкент вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Дилшод Тожибоев 1972 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг раиси лавозимида ишлаган.
Олим Ҳайитов – беш йил муддатга Самарқанд вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Олим Хайитов 1969 йилда туғилган. Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг раиси лавозимида ишлаган.
Аъзамжон Худойбердиев – беш йил муддатга Сирдарё вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Аъзамжон Худойбердиев 1977 йилда туғилган. Тайинловга қадар Сирдарё вилояти иқтисодий судининг раиси лавозимида ишлаган.
Абдурасул Эранов – беш йил муддатга Наманган вилояти судининг раиси лавозимига тайинланди. Абдурасул Эранов 1961 йилда туғилган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида ишлаган.