Зеленский Гутерришни бир муаммони зиммасига олишга чақирди
Олам
−
29 Апрель 2022
10139Украина Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришни украиналикларни Россияга депорт қилишни тўхтатиш учун бор имкониятини ишга солишга чақирди. Бу ҳақда у Гутерриш билан ўтказган брифинги вақтида айтиб ўтган.
“Жаноб Бош котибни Украина фуқароларини Россияга депорт қилишни тўхтатиш билан шуғулланишга чақирдим. Россия қонунга зид равишда ва мажбуран катталар ва болаларни кўчиряпти. Аллақачон, юз минглаб украиналар амалда ўғирлаб кетилди”, деган Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ва Халқаро миграция ташкилоти бу борада жуда муҳим воситадир.
“Ҳозирда уларнинг олдидаги вазифа, бизнинг фикримизча, Россия Федерациясига депортация қилинган фуқароларимиз билан учрашиш ва уларнинг Украинага – ватанига тезроқ қайтишини таъминлашдир”, деган Президент.
Жорий йилнинг 17 апрель куни Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Людмила Денисова, рус ОАВ маълумотларига кўра, Россияга 808 минг украиналик ноқонуний олиб келингани, улардан 153 минг нафари болалар эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Киевга ташриф буюрди ва у ерда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Шунингдек, у Киев вилоятининг бир муддат руслар назоратида бўлган шаҳарларига борди.
Украина расмийлари Гутерришнинг ташрифи давомида рус ҳарбийлари Киев марказига ҳужум уюштирганини маълум қилди. Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг айтишича, БМТ Бош котиби пойтахтга ташриф буюрган пайтда Россия Киевга қанотли ракеталар билан зарба бергани “жирканч ваҳшийлик”дир.
Бир кун олдин Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага ташриф буюрган Гутерришнинг ўзи BBC шарҳида бу ўққа тутилганидан “ҳайратда қолганини” айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси