Зеленский Германияга айблов қўйди

Олам

image

Германия Украинанинг Европа институтларига киришини секинлаштириб, минтақада янги девор қуришда иштирок этмоқда. Украина Президенти Владимир Зеленский Бундестаг (Германия парламенти) депутатлари қаршисидаги нутқи давомида айтиб ўтди.

Президент ўз нутқини Германияда кўплаб ўйинчилар Россияни вазият талаб қиладиган тарзда чекламоқчи эмаслигини қоралаш билан бошлади.

“Мен сизга уч ҳафталик кенг кўламли босқиндан кейин мурожаат қиляпман. Минглаб украиналиклар ҳалок бўлганидан кейин... Сизнинг компанияларингиз Россия билан, урушни молиялаш учун сиздан ва бошқа давлатлардан фойдаланадиган давлат билан қанча ришталар қолдирганини кўрганимиздан кейин”, деган у.

Зеленскийнинг таъкидлашича, аввалроқ Украинанинг Ғарб дунёси билан тезкор интеграциялашувига қарши бўлган Германия ҳужумни уюштирганлик учун жавобгарликнинг бир қисмини ўз зиммасига олади.

“Биз сиздан Украина НАТОга аъзо бўлиш учун нима қилиши керак, деб сўраганимизда, биз жавоб тариқасида столда бундай қарор йўқ ва бўлмайди, деб эшитдик. Сиз эса ҳозир Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши масаласини кечиктирмоқдасиз. Сиз учун бу сиёсат. Лекин, аслида, бу тошлар, (Европани ажратиб турувчи) янги девор учун тошлар”, деб тушунтирган Президент.

Аммо Владимир Зеленский Германияда нима бўлаётганини тушунадиган сиёсатчилар борлигини таъкидлаган.

“Мен ахлоқни иқтисоддан устун қўйган немис бизнесидан миннатдорман. Мен Россиянинг пули ва украиналик болаларнинг ўлими ўртасида ҳаётни танлаган сиёсатчилардан миннатдорман... Украина Европа Иттифоқида бўлишини биладиганларга”, деган у.

Зеелнский Германия канцлери Шольцни ҳозирда Европада қурилаётган “деворни бузиш”га чақирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг