Европа комиссияси Россияга қарши санкцияларнинг тўртинчи пакетини эълон қилди

Олам

image

Европа Иттифоқи Россия Федерациясининг Украина ва унинг халқига нисбатан тажовузига жавобан Россияга қарши санкцияларнинг тўртинчи пакетини жорий қилмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия сайтида хабар берилди.

Янги чекловлар қуйидагиларни ўз ичига олиши кутилмоқда:

•    Россиянинг айрим давлат корхоналари билан иқтисодиётнинг турли тармоқлари, шу жумладан ҳарбий-саноат комплексига киритилган операцияларни тақиқлаш;

•    Россияни 3,3 миллиард еврога яқин экспорт даромадидан маҳрум қиладиган бир қатор пўлат маҳсулотлари импортини тақиқлаш;

•    Россия энергетика секторига янги инвестицияларни тақиқлаш (Фуқаролик атом энергетикаси бундан мустасно);

•    жисмоний шахслар ва компанияларга нисбатан санкцияларни кенгайтириш, дезинформация кампаниясида фаол иштирок этаётганлар рўйхатини шакллантириш;

•    Россияга ҳашаматли товарларни, шу жумладан автомобиллар ва заргарлик буюмларини экспорт қилишни тақиқлаш;

•    Европа рейтинг агентликларига Европа Иттифоқи молия бозорларига киришни мураккаблаштириш мақсадида Россия ва Россия компанияларига хизмат кўрсатишни тақиқлаш.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳам Россияга бойлар эҳтиёжи учу ҳашаматли маҳсулотларни етказиб беришни тақиқлаган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг