Европа Иттифоқи Россия ва Беларусга босимни кучайтиришга ваъда берди
Олам
−
11 Март 2022
6288Версалда Украинадаги вазият муҳокамасидан сўнг, Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари бирдамлик ва бу мамлакатни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Бироқ альянсга аъзо бўлиш учун номзод мақомини бериш бўйича қарор қабул қилинмади.
Саммитнинг якуний баёнотида қайд этилганидек, ЕИ “Ёвропа оиласига мансуб” Украина билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этади. Бундан ташқари, Нидерландия Бош вазири Марк Рюттенинг сўзларига кўра, Брюсселга Киевнинг Европа Иттифоқига аъзолик аризасини кўриб чиқиш учун ойлар ва йиллар керак бўлади.
Евроиттифоқ етакчилари, шунингдек, Россия ва Беларусга босимни кучайтиришга ваъда берди ва Украинадаги ҳарбий амалиёт туфайли кейинги санкцияларни жорий этишга тайёрлигини маълум қилди.
Украина "Европа оиласида"
Саммит баёнотида таъкидланганидек, ЕИ Кенгаши Европа комиссиясига Киевнинг альянсга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасига баҳо беришни топширди, бироқ айни пайтда Брюссел бу давлат билан алоқаларни мустаҳкамлайди.
Аризани кўриб чиқиш учун йиллар ва ойлар керак
Нидерландия Бош вазири Марк Рютте саммитнинг биринчи куни якунларига кўра, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолик аризасини кўриб чиқиш жараёни ойлар ёки йиллар давом этиши мумкинлигини айтди.
“Биз ҳаммамиз Украина Россия томонидан ҳужумга учраган фавқулодда оғир вазиятдан хабардормиз ва содир бўлаётган воқеалардан ҳайратдамиз. Айни дамда Украинанинг Европа Иттифоқига доимий аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилмоқда ва у Еврокомиссияга тақдим этилди. Бироқ қарор қабул қилинишидан олдин ойлар ёки йиллар ўтади", дейди Рутте.
Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович ҳам ўз навбатида Европа Иттифоқига бир кечада қўшилиб бўлмаслигини таъкидлади.
"Процедура бор, бу бир кечада содир бўлмайди. Шартнома, модда, ариза бор, ЕИ Кенгаши Европа Комиссиясига ариза юборади. Ҳеч ким бир кечада Европа Иттифоқига қўшилмайди", дейди у.
Россия ва Беларусга босим
Евроиттифоқ Россия ва Беларусга босимни янада оширишни режалаштирмоқда ва Украина атрофидаги вазият туфайли қўшимча санкциялар жорий этишга тайёр.
"Биз Россия ва Беларусга босимимизни янада оширишга қарор қилдик. Биз жиддий санкциялар киритдик ва тезда янгиларини киритишга тайёрмиз", дейилади ҳужжатда.
Ўз баёнотида Европа Иттифоқи давлатлари Россия ва Беларусни Украинага ҳужум қилишда айблади. Улар Халқаро жиноий суднинг Украинадаги воқеалар юзасидан тергов бошлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ёрдамида Украина атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
“Биз Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ёрдамида Украина атом электр станциялари хавфсизлигини зудлик билан таъминлашга чақирамиз. Биз Россиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз қўшин ва ҳарбий техникани Украинанинг барча ҳудудидан олиб чиқиб кетишни талаб қиламиз”, дейилади коммюникеда. Қолаверса, у “халқаро тан олинган чегаралар доирасида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини тўлиқ ҳурмат қилишга” чақиради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси