ЕИ Хитой компанияларига қарши санкциялар жорий қилиши мумкин – “Bloomberg”

Олам

image

Европа Иттифоқи Украинага қарши уруш учун ҳужумчи дронларни ишлаб чиқишда Россияга ёрдам бераётган бир қанча Хитой компанияларга қарши санкциялар жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Нашрга кўра, Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига қарши санкцияларнинг 15-тўпламининг мазмуни Европа Иттифоқида G7 Ташқи ишлар вазирларининг Италияда бўлиб ўтадиган йиғилиши олдидан муҳокама қилинмоқда, унда Хитой ва Россияни қўллаб-қувватловчи бошқа давлатларга қарши чоралар эълон қилиниши кутилмоқда.

Европа Иттифоқи блокнинг савдо чекловларини бузган компанияни назорат қилган Хитой фуқаросига қарши санкциялар жорий этишни ҳам таклиф қилган. “Қора рўйхат”га Россияга микроэлектроника етказиб беришда гумон қилинган Гонконг компанияси ва КХДР Мудофаа вазирлиги вакиллари ҳам киритилади. Шимолий Корея қўшинлари Россия ва Украина ўртасидаги можарода иштирок этаётгани ҳақида Жанубий Корея разведкаси ва АҚШ расмийлари хабар берган. Москва ва Пхеньян буни рад этганди, бироқ ноябрь ойи бошида КХДР ТИВ Россияга қандай ҳарбий ёрдам кўрсатилишини очиқламаган ҳолда маълумотларни тасдиқлади.

Брюссель жазо қўллаши мумкин бўлган баъзи Хитой компаниялари аллақачон АҚШ ва Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Хитой бир неча бор Ғарб чекловларини танқид қилган, расмийларнинг таъкидлашича, улар можаро иштирокчиларидан ҳеч бирига қурол-яроғ етказиб бермайди ва ҳеч қандай алоқаси йўқ, фақат сиёсий келишувга кўмаклашишда конструктив роль ўйнашга ҳаракат қилмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекиннинг ёрдами ҳақидаги маълумотларни дезинформация деб атаган.

Умуман олганда, Европа Иттифоқининг 15-санкция пакетига 50 дан ортиқ жисмоний шахс ва 30 га яқин компанияни киритиш таклиф қилинмоқда. Ушбу чоралар кучга кириши учун Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ўзбекистондаги иккита компания – Uzstanex ва The Elite Investment Groupʼни санкциялар рўйхатига киритганди. Қўшма Штатлар Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси томонидан Россия ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш билан боғлиқ 275 га яқин шахс ва ташкилотларга нисбатан санкциялар киритилган. “Қора рўйхат”га Россия Мудофаа вазирининг беш ўринбосари (Анна Цивилёва, Александр Фомин, Павел Фрадков, Виктор Горемикин, Андрей Булига), умумий ҳисобда 400 га яқин жисмоний ва юридик шахслар киритилган. Чекловлар Хитой, Швейцария, Туркия, БАА ва Ҳиндистондан келган хорижий фуқаролар ва юридик шахсларга ҳам тегишли ҳисобланади.

Санкцияга учраган компаниялар орасида Uzstanex ва The Elite Investment Group деб аталувчи Ўзбекистоннинг икки компанияси ҳам келтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи Украина санкциялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг