Шарль Мишель Европа Кенгаши раҳбарлигидан кетди
Олам
−
30 Ноябрь 2024
2824Бугун, 30 ноябрь куни Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ўз ваколатларини португалиялик Антониу Коштага топширди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи маълум қилди.
Хабарга кўра, ўрин алмашиш маросими Брюсселдаги қароргоҳда бўлиб ўтган. Мишелнинг вориси 1 декабрда Урсула фон дер Ляйен бошчилигидаги Европа комиссиясининг иккинчи таркиби лавозимига киришиши билан бир вақтда ўз вазифаларини бажаришни бошлайди.
Мишель Киевга оммавий қурол-яроғ етказиб бериш ва Москвага қарши санкцияларни жорий этишни лавозимидаги асосий хизматлари деб атади. Европа Кенгашининг бўлажак раҳбари ҳам Украинада тинчлик учун курашишни давом эттиришга ваъда берди.
Маълумот учун, Антониу Кошта 1961 йилда Португалиянинг Лиссабон шаҳрида дунёга келган. 1980 йилларда талабалар ташкилоти ва унинг босма органига раҳбарлик қилган. У, шунингдек, Адлия вазири (1999-2002), Ички ишлар вазири (2005-2007), Лиссабон мэри (2007-2015), Португалия бош вазири (2015-2024) лавозимларида фаолият юритган. 2023 йил 7 ноябрда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўз ҳукумати аъзоларига нисбатан резонансли ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш муносабати билан илгари сурилган мансаб жинояти ва коррупцияга оид шубҳалар фонида истеъфога чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тинчлик таклифларини рад этиб, Украина бўйича ҳеч қандай тинчлик музокараларини Украинасиз ўтказиб бўлмаслигини айтганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси