Трамп Хитой ва Европа Иттифоқига янги божлар жорий этмоқчи

Олам

−

visibility1413 timer2 дақиқа

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой, Европа Иттифоқи ва яна 12 та савдо ҳамкоридан импорт қилинадиган маҳсулотларга янги божлар жорий этишни таклиф қилмоқда. Хусусан, Хитой товарларига қўшимча 20 фоизлик бож солиниши мумкин. Бу ҳақда кеча, 25 ноябрь куни АҚШ Савдо вакили идораси маълум қилди.

Таклифга кўра, Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга қўшимча 20 фоизлик бож қўшилади. Натижада Хитой товарларига нисбатан умумий бож миқдори қарийб 40 фоизга етади.

Янги божлар жорий этилиши режалаштирилган давлатлар ва ҳудудлар қаторига Бангладеш, Камбоджа, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Швейцария, Тайвань, Таиланд ва Вьетнам киради.

Қайд этилишича, Трамп маъмурияти янги тарифларни жорий этиш учун 1974 йилда қабул қилинган Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-бўлимига таянмоқда. Ушбу қонун АҚШ ҳукуматига хорижий давлатларнинг адолатсиз савдо амалиётларига қарши чоралар кўриш имконини беради. Бунинг учун аввал расмий текширув ўтказилиши керак.

Оқ уй янги божлар қачондан кучга киришини аниқ билдирмаган. Бироқ улар энг эрта 2027 йил январь ойида жорий этилиши мумкин. АҚШ Савдо вакили идораси янги тарифлар бўйича тингловларни 25 январь куни ўтказишни режалаштирган.

Бу Трамп маъмуриятининг 301-бўлим асосида жорий этмоқчи бўлган иккинчи йирик божлар тўплами ҳисобланади. Июль ойида Оқ уй 80 дан ортиқ давлатга, жумладан, Буюк Британия, Мексика ва Канадага нисбатан ҳам божлар эълон қилган эди. Ўшанда Вашингтон бу давлатларни мажбурий меҳнатга қарши тақиқларни етарлича назорат қилмасликда айблаган. Ҳозирда ушбу божлар устидан берилган даъво АҚШ Халқаро савдо судида кўриб чиқилмоқда.

АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирнинг билдиришича, кўплаб савдо ҳамкорлари узоқ йиллар давомида ўз ишлаб чиқарувчиларини турли молиявий ёрдамлар билан қўллаб-қувватлаб, иш ҳақи ва меҳнат шароитларини чеклаш орқали халқаро савдода устунликка эришиб келган. Унинг фикрича, бундай амалиётлар АҚШ ишлаб чиқаришига зарар етказмоқда.

“Президент Трамп ушбу адолатсиз хатти-ҳаракатлар, сиёсат ва амалиётларга барҳам бериш учун чоралар кўришни таклиф қилмоқда. Бу орқали америкалик ишчилар учун тенг шароит яратишимиз ва жаҳон иқтисодиёти учун янада барқарор йўлни белгилашимиз мумкин”, деган Грир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида АҚШ савдо музокаралари муваффақиятсиз якунланганидан сўнг Канаданинг айрим товарларига 50 фоизлик бож жорий қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг