Покистон тарихидаги илк космонавт коинотга парвоз қилди
Олам
−
280 2 дақиқа
Покистонлик Муҳаммад Зишан Али мамлакат тарихида коинотга чиққан илк фуқаро бўлди. У, шунингдек, Хитойнинг “Тянгун” космик станциясига борган биринчи хорижлик космонавт сифатида тарихга кирди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, 40 ёшли Зишан Али бугун, 25 ноябрь куни Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Цзюцюань космик марказидан Хитойда ишлаб чиқарилган ракета орқали коинотга учган. У парвоздан сўнг “Тянгун” космик станциясига муваффақиятли етиб борган.
Космонавтнинг коинотдаги сафари 5 кундан 10 кунгача давом этиши режалаштирилган. Бу Хитой астронавтлари одатда космик станцияда ўтказадиган олти ойлик миссиялардан анча қисқа.
Зишан Али парвоз олдидан журналистларга бу сафар фақат унинг шахсий ютуғи эмаслигини, у Покистон номидан коинотга йўл олаётганини айтган. У миссияга тайёргарлик доирасида Хитойда бир неча ой давомида машғулотлар ўтаган ва хитой тилини ҳам ўрганган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ушбу воқеани мамлакат учун тарихий ҳодиса деб атаган. Унинг таъкидлашича, бу нафақат бир космонавтнинг, балки 240 миллион покистонликнинг, ёш авлод, олимлар ва уларнинг орзуларининг коинот сари йўлидир. Шунингдек, у Хитойга Покистонни ушбу тарихий миссияга қўшгани учун миннатдорлик билдирган.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам икки давлат космонавтлари иштирокидаги қўшма миссия Пекин ва Исломобод ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган.
Мазкур парвоз Хитой учун ҳам муҳим дипломатик аҳамиятга эга. Пекин “Тянгун” космик станциясини фақат Хитойга тегишли илмий мажмуа эмас, балки халқаро тадқиқотлар учун очиқ платформа сифатида намойиш этишга интилмоқда.
Маълумот учун, Хитой 2030 йилгача ўз космонавтини Ойга юборишни режалаштирган. АҚШ эса 2028 йилда, 1972 йилдаги “Аполлон-17” миссиясидан кейин илк бор Ойга инсон юборишни мақсад қилган. Шунингдек, Хитой 2035 йилгача Россия билан ҳамкорликда Ойда илмий-тадқиқот базасини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Live
Барчаси