Хитой илк бор хорижлик космонавтни космосга юбормоқчи

Олам

−

visibility353 timer2 дақиқа

image

Хитойнинг “Тяньгун” орбитал станциясига илк бор хорижлик космонавт бориши кутилмоқда. Покистон вакили Муҳаммад Зиёшан Али “Шэньчжоу-24” миссиясида иштирок этади. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Хитойнинг Инсоннинг космик парвозлари дастури идораси баёнотида покистонлик космонавтнинг мазкур миссия таркибига киритилгани маълум қилинган. У орбитал станцияда қисқа муддат бўлиб, кейин “Шэньчжоу-23” бошқариладиган космик кемасида Ерга қайтади.

“Шэньчжоу-24” космик кемаси Хитойнинг мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Цзюцюань сунъий йўлдошларини учириш марказидан фазога чиқарилади.

Аввалроқ, 10 июль куни Хитой “Чанчжэн-10B” (CZ-10B) ташувчи ракетасининг биринчи босқичини парвоздан сўнг бошқариладиган тарзда Ерга қайтаришни биринчи марта амалга оширган эди.

Май ойи охирида эса Хитой уч нафар экипаж аъзоси бўлган “Шэньчжоу-23” бошқариладиган космик кемасини орбитага муваффақиятли чиқарган. Миссияга 39 ёшли Чжу Янчжу раҳбарлик қилган. У экипажли космик кемани бошқарган илк хитойлик борт муҳандисига айланган. Бу унинг иккинчи космик парвози бўлиб, аввал “Шэньчжоу-16” миссияси доирасида орбитал станцияда беш ой бўлган.

Маълумот учун, Хитой аввалроқ сунъий эмбрионларни космосга юборган дунёдаги биринчи давлатга айланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Chang’e-6 миссияси орқали Ойнинг орқа томонидан Ерга олиб келинган тупроқ намуналари олимларга табиий йўлдош тарихидаги энг йирик зарбалардан бири қандай содир бўлганини аниқлашга ёрдам бергани ҳақида хабар берилган эди. Тадқиқотчилар ушбу маълумотлар асосида Жанубий қутб — Эйткен ҳавзасининг шаклланиш босқичларини қайта тиклаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг