Трамп ўзбек миллий айвонлари учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
Ўзбекистон
−
1046 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Вашингтонда ўрнатилган ўзбек миллий айвонлари учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Ўзбекистоннинг ҳурматли Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакатимиз мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан менга совға қилинган гўзал ўзбек айвонлари учун миннатдорлик билдирмоқчиман“, дея сўзини бошлаган Трамп.
Унинг қайд этишича, ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов ва Ички ишлар вазири Даг Бургум иштирокида бўлиб ўтган айвонларни топшириш маросимида Marine One вертолётида уларнинг устидан учиб ўтиш Трамп учун шараф бўлган. Айвонлар эса шунчаки ҳайратланарли даражада гўзал!
Ўзбекистонлик моҳир усталар бир неча ой давомида оилаларидан узоқда бўлиб, оғир об-ҳаво шароитларига қарамай, бу айвонларни 200 йиллик тоғ ёнғоғи дарахтлари ёғочидан маҳорат билан қурган. АҚШ Президентининг айтишича, улар ҳақиқий истеъдод соҳиблари!
“Мен бу совғани шахсий мулк сифатида сақлаб қолиш ўрнига, уни жамоатчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Айвонлар Tidal Basin кўли бўйида, Жефферсон мемориали ва Вашингтон монументи манзараси кўриниб турадиган жойда, эндиликда хавфсиз ва гўзал пойтахтимизнинг бир қисмига айланади“, деган Трамп.
АҚШ Президентига кўра, бир йилдан сўнг Миллий Қаҳрамонлар боғи очилганида, бу айвонлар шаҳардаги энг машҳур масканлардан бирига айланиши шубҳасиз. У ерда турмуш қуриш таклифлари билдирилади, дипломатик қабуллар ўтказилади, Гилос гуллаши фестивали давомида фотосуратлар олинади ва одамлар ҳар куни Tidal Basin кўли бўйига ташриф буюради.
“Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Миллий боғлар хизматига ўз миннатдорлигимни билдираман. Улар ўзбекистонлик ажойиб усталар билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Биз Вашингтонни ҳар қачонгидан ҳам гўзал шаҳарга айлантирмоқдамиз!“ дея ёзган Дональд Трамп.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Америка халқига мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан совға қилинган анъанавий ўзбек айвонлари Вашингтон шаҳридаги тарихий West Potomac Park ҳудудига ўрнатилган эди.
Live
Барчаси