Ўзбекистон ва Иордания етакчилари олий давлат мукофотлари билан тақдирланди

Ўзбекистон

−

visibility418 timer2 дақиқа

image

Бугун, 24 ноябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн рафиқалари иштирокида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган алоҳида иззат-икром ва эътибор учун Подшоҳга самимий миннатдорлик изҳор этиб, сўнгги йилларда Иордания эришаётган улкан ютуқларни юксак баҳолаган.

Олий даражадаги ташриф арафасида ташкил этилган қатор тадбирлар давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

Учрашувдан сўнг икки мамлакат етакчиларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтган.

Давлат раҳбарига Иорданиянинг олий давлат мукофоти – “Ал Ҳусайн ибн Али” ордени тантанали равишда топширилган.

Ўзбекистон Президенти ушбу юксак мукофотда нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасига берилган эътирофни, балки Иордания Подшоҳининг ўзбек халқига нисбатан чексиз ҳурмати, кўп қиррали муносабатларимиз ривожига қаратаётган улкан эътиборининг ёрқин намунасини кўришини мамнуният билан таъкидлаган.

Ўз навбатида, давлат раҳбари Иордания Подшоҳини мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик муносабатлари ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Таъкидланишича, ушбу мукофот Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг икки томонлама муносабатларни кенгайтириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларига Ўзбекистон халқи ва давлати томонидан билдирилган юксак эҳтиром ифодаси ҳисобланади.

Иордания етакчиси бундай самимий эътироф учун Президентга чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни бутун Иордания халқига, мамлакатлар ўртасидаги азалий дўстлик ва мустаҳкам ҳамкорликка кўрсатилган алоҳида ҳурмат рамзи сифатида қабул қилишини таъкидлаган.  


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг