Қийинчиликлар бизни эрта улғайтирган – Президент набирасига самолётда хат ёзди
Ўзбекистон
−
1582 9 дақиқа
Бугун, 23 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Иорданияга сафари давомида набираси Шавкатбекка мактуб ёзди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Мана шу дақиқаларда биз Иордания давлатига, буюк пайғамбарлар юртига, хусусан, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам авлодлари бўлган Ҳошимийлар Қироллигига ташриф билан кетмоқдамиз.
Ушбу муқаддас сафар давомида, қалбимни Ватанимизга меҳр, соғинч туйғулари қамраб олган дамларда сен, азиз боламга энг эзгу ва самимий тилакларимни йўллашга қарор қилдим”, дейди Президент мактуби аввалида.

Шавкат Мирзиёев бундай олис сафарлар ҳар қандай одамни ҳам толиқтиришини, аммо уни ҳамиша йўлига кўзи тўрт бўлиб кутадиган яқинларини, дуолар билан қўллаб-қувватлаб келаётган халқини ёдга олса, барча чарчоқларим бир зумда булутдек тарқаб кетишини билдирган.
“Эрталаб хайрлашиш пайтида болаларча соддалик билан: “Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?” деб сўрадинг. Шошиб турганим учун бу саволингга тузукроқ жавоб беролмадим. Бироқ шу гапинг фикру хаёлимни банд қилиб турибди.
Болажоним, сени қанчалик яхши кўришимни биласан. Лекин тақдир зиммамга шундай вазифа юклаганки, мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак.
Мен қайси лавозимда фаолият юритмай – депутатми, ҳокимми, бош вазирми ёки давлат раҳбарими, ҳамиша халқ оғирини енгил қилиш, мушкулини осон этишни асосий мақсад, ўз ҳаётимнинг маъно-мазмуни, деб билганман.
Умримни элу юрт хизматига бахш этишдан бир лаҳза бўлсин афсусланмадим. Ҳаётда чиқарган энг катта хулосаларимдан бири шуки, бу дунёда миллатнинг дардига дармон бўлишдан кўра аъло ва афзал иш йўқ.
Тез-тез ўзга юртларга йўл олишим ҳам – сизларнинг, кўпмиллатли халқимизнинг тинч, тўкис ва тўкин яшашини истаганим туфайлидир. Сизлар мактабда яхши ўқиб, ақлли, билимдон бўлиб вояга етишингиз учун ҳам дунё кезишимга, янги-янги ҳамкорлар топишимга тўғри келади.
Бироз улғайсанг, бу гапимнинг, умуман, қуйида баён этадиган мулоҳазаларимнинг маъносини ўзинг англайсан”, дейди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси болалиги жуда машаққатли кечгани, суяги қотмасдан катталар билан баравар меҳнат қилишга мажбур бўлганини ёдга олган.
“Сенинг ёшингда ёзнинг жазирамасида ғўза чопиб, изғирин совуқда пахта терганман. Мактабда ўн йил ўқиган бўлсам, шунинг деярли ярми далада ўтган. Қийинчиликлар бизни эрта улғайтирган.
Бундай азобларни сизларга, халқимнинг барча фарзандларига асло-асло раво кўрмайман. Шунинг учун Президент бўлганимдан сўнг биринчи галда болаларни пахта далаларидан мактабга қайтардим.
Ўғил-қизларимиз муносиб униб-ўсиши учун бунинг ўзи етарли эмас, албатта. Ҳозир қишлоғу шаҳарларда замонавий боғча ва мактаблар қуряпмиз. Сизлар учун яхши дарсликлар яратиш, билимдон ўқитувчилар тайёрлашга интиляпмиз.
Хуллас, сизлар бахтли, тўкис ва фаровон яшашингиз учун нимаики лозим бўлса, ҳаммасини қиламиз”, дейди Президент.
Ўзбекистон раҳбари айни пайтда етук инсон бўлиб улғайиш, аввало, одамнинг ўзига, ирода ва сабот-матонатга боғлиқ эканини қайд этган. Бунинг учун барча фанларни қунт билан ўзлаштириб, қобилиятни тўлиқ юзага чиқаришга интилиш керак.
“Унутма, сизлар ўз ақл-заковати билан дунёни ўзгартирган, инсониятга устозлик қилган не-не буюк зотларнинг авлодисиз.
Муҳаддислар султони Имом Бухорий, алломалар сардори Абу Райҳон Беруний, тиббиёт илмида инқилоб ясаган Абу Али ибн Сино, осмон тоқига нарвон қўйган Мирзо Улуғбек, она тилимизда беқиёс дурдона асарлар яратган Алишер Навоий, жаҳолат зулматини маърифат нури билан ёритган Маҳмудхўжа Беҳбудий..., эҳ-ҳэ, улуғ боболаримизнинг қай бирини санай! Улар шу қадар кўпки, номларининг ўзиёқ жилд-жилд китобларга жо бўлади.
Мухтасар айтсам, Ватанимизнинг ҳар бир қарич ерида буюк олиму фозиллар, азиз-авлиёлар, мард ва жасур саркардаларнинг муборак хоки ётибди. Уларнинг мамлакатимиз тарихидаги ўрни, оламшумул хизматлари ҳақида сенга мавриди келганда, албатта, сўзлаб бераман.
Юртимиздаги миллионлаб ўғил-қизларимизнинг қалбида ҳам даҳолар, уларнинг ўлмас руҳи яшаётганига имоним комил. Фақатгина бу фарзандларимизнинг иқтидорини вақтида уйғотиб, парваришлай олсак бас”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Президент Ўзбекистон болаларига мурожаат қилиб, астойдил ҳаракат қилса, улар ҳам донишманд боболарга муносиб ворис бўлиб етишишига ишонч билдирган.
“Атрофингга назар солсанг, бунга истаганча далил топишинг мумкин. Мана, қанча ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлиб келяпти. Қанча ёшларимиз хориждаги энг нуфузли университетларда таҳсил оляпти. Яна қанча навқирон фарзандларимиз фаннинг турли йўналишларида кашфиёт ва ихтиролар қилмоқда.
Шахматчи йигит-қизларимиз жаҳон биринчиликларида зафар қозониб, Янги Ўзбекистон ёшлари нақадар улуғ ишларга қодир эканини исботламоқда, таъбир жоиз бўлса, шахмат тарихини қайта ёзмоқда.
Билгинки, олимлар, ихтирочилар, чемпионлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Боғбон ўзи эккан ниҳол ўсиб, мевага киргунига қадар неча йил тер тўкиб меҳнат қилади. Зукко, билимли, ҳунарли ёшларни вояга етказиш ҳам ана шундай машаққатли иш, масъулиятли юмушдир.
Биз ўн йил бурун ҳамма соҳада иқтидорли болаларни тарбиялашга киришган эдик. Бугун ана шу ишларимизнинг дастлабки умидбахш натижаларини кўриб турибмиз”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев ҳозирги авлодга Ўзбекистондек озод ва обод юртда туғилмоқ, яшамоқ бахти насиб этганини урғулаган.
“Академик шоиримиз Ойбек Ўзбекистонимизни тупроғида олтин гуллайдиган ўлка, деб таърифлаганида юз карра ҳақ эди.
Ўзбекистон деб аталган, уч минг йилдан зиёд давлатчилик тарихига эга бўлган мамлакат фарзанди, ўзбек деган улуғ миллат ўғлони эканингдан ҳамиша ғурур, ифтихор туйиб яшагин, болам!
Юрт келажаги сен каби миллионлаб ёшларга боғлиқ эканини асло унутма! Илм-маърифат ўрганишга сидқидилдан ҳаракат қил! Чунки билим ва тафаккур битмас-туганмас бойликдир.
Ёдда тутгинки, ёшликда олинган билим худди тошга ўйилган нақш каби сира ўчмайди, бахтли, кучли ва баркамол инсон бўлиб ҳаёт кечиришинг учун бутун умр сенга ҳамроҳу ҳамнафас бўлади.
Тўғри, бугун сен ва сен мансуб бўлган авлодни мутолаадан чалғитадиган машғулотлар, вақти, эътибори ва имкониятларини ўғирлайдиган технологиялар кўпаймоқда.
Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдалан, аммо уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!
“Олтин зангламас” деганларидек, чинакам билим ва маърифат ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайди”, Шавкат Мирзиёев.
Президент набирасига насиҳат қилиб, илм-фан янгиликларини синчковлик билан кузатиб, уларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилишни айтган. Хорижий тилларни ўзлаштиришга рағбатни асло сусайтирмаслик зарурлигини билдирган. Шунингдек, Ўзюекистон етакчиси ҳар куни билим олишга, янги кўникма ва тажриба орттиришга ҳаракат қилишни, бирор ишга қўл урса, уни албатта охирига етказишни, бугунги ишни асло эртага қолдирмасликни насиҳат қилган.
“Сен дунёга келган кунингдан буён қалбимизга олам-олам қувонч бахш этмоқдасан. Илк бор тетапоя қилиб юрганинг, тилинг чиқиб, бийрон-бийрон сўзлай бошлаганинг, қисқаси, ҳар бир олға ташлаган қадамингни чексиз шодлик ва улкан ғурур билан кузатамиз. Шундай кезларда “данагидан мағзи ширин” деган ибора қанчалик тўғри эканига такрор-такрор амин бўламан.
Аста-секин ҳаётингдаги муҳим даврларга кириб бормоқдасан. Фурсатдан фойдаланиб, сенга вақтнинг қадри хусусида ҳам икки оғиз насиҳат қилишни лозим топдим”, дейди Президент.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев вақтнинг қадрига етиш зарурлигини қайд этган.
“Мендан “Бобожон, ҳозир сизга нима кўпроқ етмайди?” деб сўрасанг, ҳеч иккиланмай “Вақт етмайди, вақт!” деб жавоб бераман. Онгу тафаккуримни жонажон юртимизни янада юксалтиришга қаратилган кўп-кўп янги ғоялар, илғор ташаббуслар банд этган. Афсуски, уларнинг барини юзага чиқаришга вақт камлик қиляпти. Шу сабабли, кам ухлаб, кўп ишлашга тўғри келмоқда. Яратган Эгам зиммамга шундай улкан масъулиятни юклаган экан, ширин уйқудан, ҳаловатдан воз кечмасам бўлмайди. Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен ҳар доим бедор бўлмоғим керак, ахир!
Унутма, вақт шундай бойликки, унинг баҳоси йўқ. Уни ортга қайтариш, тиклаш ҳам имконсиздир. Шундай экан, ҳар бир дақиқани ғанимат бил!
Яна бир гапни айтмасам бўлмайди, болажоним! Ҳаётда кўнглингга туккан ишларинг ҳар доим ҳам тез ва соз амалга ошмаслиги, гоҳида омад юз ўгириши ҳам мумкин. Шундай паллаларда шошқалоқлик ва умидсизликдан йироқ бўлиб, сабр ва иродага суянмоқ лозим.
Шуни доимо ёдда тутгинки, чинакам муваффақият бу – муваффақиятсизликдан хулоса чиқариб, руҳни чўктирмай, чидам ва жасорат билан олдинга боришдир. Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир. Шунинг учун ҳеч қачон енгилдим дема! Тушкунликка тушма! Фақат олға ва яна олға юр!
Эзгу ният, қатъий амал ва гўзал фазилатлар билан яшасанг, асло кам бўлмайсан. Илм-маърифат ва қатъий интизомга таянган меҳнат эса нонингни бутун, эл-юрт орасида номингни азиз қилади”, дейди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси байроқ – ватан, миллий ғурур тимсоли эканини, киндик қони тўкилган юртни севган инсон унинг рамзларини ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлашини билдирган.
“Мен ҳар гал ўзга юртларда сафарда юрганимда сизларни, Ўзбекистонни жуда соғинаман. Бамисоли дарё соҳилидан тошгандек, соғинч қалбимдан тошганда байроғимизга қарайман.
Байроқ – Ватанимиз, миллий ғуруримиз тимсоли. Киндик қони тўкилган юртни севган инсон унинг рамзларини ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлайди.
Мен Ўзбекистонда ўсиб-улғайиб келаётган ҳар бир бола она диёримизни чин дилдан яхши кўриши, байроғимизни ор-номусимиз ва шарафимиз рамзи сифатида қадрлаб, уни ҳамиша баланд кўтаришини истайман.
Сен ҳам келажакда қайси касб-корни эгаллашингдан қатъи назар, Ватанга наф келтирмоққа, эл корига ярамоққа интил!
Ишончим комил, бугун биз амалга ошираётган улкан ислоҳотлар Янги Ўзбекистонимиз дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафига кириши учун мустаҳкам замин бўлади.
Олдимизга қўйган юксак марралар, улуғвор мақсадларга эришиш бутун халқимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши, миллат ва давлат якдиллигини талаб этади. Бу йўлда сизлар ҳам ўзингизнинг бор ақл-заковатингиз ва куч-ғайратингизни ишга солиб, астойдил ҳаракат қилишингиз керак.
Одамийлик – инсоннинг асл зийнати. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон бўлиб қолмоқ муҳимдир. Мардлик, орият, ватанпарварлик, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик, олижаноблик каби фазилатларингни гавҳар каби асраб-авайлагин!” дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев мактуб якунида Ўзбекистон болаларига ҳам дил сўзларини қайд қилган.
“Кўнглимда сенга айтадиган гапларим кўп, аммо давлат иши билан боғлиқ вазифалар боис мактубимни ҳозирча шу ерда тўхтатишга мажбурман.
Сен ҳам, тенгдошларинг ҳам бир нарсани доимо ёдингизда тутинг: сизлар бобо-бувиларингиз, ота-онангизнинг кўз қароғи, бебаҳо бойлигисиз.
Менинг ўз фикрларим юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз азиз дилбандларига атаган юрак сўзларидир.
Менинг ўз насиҳатларим Ўзбекистоннинг барча болаларига бағишланган эзгу тилаклардир.
Сизларни жуда соғинганман. Насиб этса, тез орада дийдорлашамиз.
Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлгин!
Илоҳим, камолингни, иқболингни кўриб юрайлик!” дейди Шавкат Мирзиёев.
Live
Барчаси