Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон – Иордания” кўргазмасига борди
Ўзбекистон
−
367 1 дақиқа
Бугун, 24 ноябрь куни Иорданияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Аммон шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон – Иордания” кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ҳамроҳлик қилган.

Кўргазмада икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик салоҳияти, тоғ-кон саноати ҳамда геология, кимё, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, транспорт ва логистика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ҳамда мудофаа саноати каби устувор йўналишларга бағишланган бўлимлар ташкил этилган.

Етакчиларда барча тармоқлар бўйича Ўзбекистон ва Иорданиядаги истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳам тақдимот қилинган. Бу икки мамлакат инвесторларига сармоя киритиш мумкин бўлган манфаатли лойиҳалар билан бевосита танишиш имконини берган.

Билдирилишича, стендларда минерал хомашё ва базальт маҳсулотлари, ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, калава ип, мато ва тайёр кийимлар ҳамда дори воситалари намуналари намойиш қилинмоқда.

Икки мамлакат йирик компаниялари вакиллари қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан ахборот берган.
Кўргазма Ўзбекистон ва Иорданиянинг етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилган.
Live
Барчаси