Ўзбекистон ва Иордания 300 хил товар учун божларни пасайтиради

Ўзбекистон

−

visibility673 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида 300 турдаги товар учун божхона божлари пасайтирилади. Бу ҳақда бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган Ўзбекистон – Иордания бизнес форумининг очилиш маросимида маълум қилинди.

Қайд этилишича, тадбирда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, етакчи компаниялари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашган.

Форумда Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ҳамда мамлакат Саноат палатаси раиси Фатҳи ал-Жағбир ҳам сўзга чиққан.

Давлат раҳбари ўз нутқида ўтган йили Иордания Подшоҳининг Самарқандга амалга оширган тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очганини алоҳида таъкидлаган.

Олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар натижасида иқтисодий ҳамкорлик кўлами изчил кенгайиб бормоқда. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб 9 баробар, биргина 2025 йилда 80 фоизга ошган. Мамлакатда иорданиялик инвесторлар иштирокидаги 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиб, ўзаро визасиз тартиб жорий этилган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг илк йиғилишлари муваффақиятли ўтказилган.

Давлат ташрифи доирасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзолангани мамнуният билан қайд этилган. Ҳужжат 300 турдаги товарга нисбатан пасайтирилган божхона божлари ставкаларини қўллашни назарда тутади.

Президент ушбу битим ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш, товар айирбошлаш кўрсаткичини 500 миллион долларга етказиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирган.

Ўзбекистон етакчиси бизнес-форум доирасида салмоқли шартнома ва келишувлар имзоланганини олқишлаб, иқтисодий шерикликни кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишига тўхталган.

Биринчиси – тўқимачилик саноати. Ўзбекистон хомашёси ва ярим тайёр маҳсулотлари асосида Ақаба махсус иқтисодий зонасида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда экспорт қилиш таклиф этилган.

Иккинчиси – тоғ-кон саноати. Иорданиялик инвесторлар муҳим минераллар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқандда ташкил этилаётган “Келажак металлари” технопаркларида ҳамкорлик қилишга таклиф этилган.

Учинчиси – фармацевтика саноати. Янги турдаги фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни биргаликда маҳаллийлаштириш ва илғор технологиялар трансферини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган. Бу борада иорданиялик шериклар учун “Tashkent Pharma Park” кластерида зарур шароит ва имтиёзлар яратилиши таъкидланган.

Тўртинчиси – кимё саноати. Икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини бирлаштирган ҳолда рақобатбардош минерал ўғитлар ишлаб чиқариш истиқболлари кўрсатиб ўтилган. Озуқа қўшимчалари, маиший кимё маҳсулотлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш бўйича эришилган келишувлар олқишланган.

Бешинчиси – қишлоқ хўжалиги. Қўшма агросаноат кластерларини ташкил этиш, уруғчилик, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш орқали икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиш мумкинлиги таъкидланган.

Давлат раҳбари туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам катта имкониятлар мавжудлигини қайд этган. Ўзаро визасиз тартиб ва бевосита авиақатновлар сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун қулай шароит яратаётгани таъкидланган.

Президент иорданиялик дўстларни ислом оламининг буюк тарихий ва маънавий марказлари бўлмиш қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини зиёрат қилишга таклиф этган.

Форум доирасида ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги учрашувларда чарм саноати, телетиббиёт, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника ва логистика соҳаларида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Иорданиялик ишбилармонлар юртимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, эркин иқтисодий зоналар фаолияти ва саноат кооперацияси имкониятлари билан яқиндан таништирилган.

Келгуси йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида навбатдаги Ўзбекистон – Иордания бизнес форуми ўтказилиши маълум қилинган. Давлат раҳбари иорданиялик шерикларни ушбу тадбирда янги таклиф ва ташаббуслар билан фаол иштирок этишга, мамлакатимиз тадбиркорларини эса Иордания бозоридаги имкониятлардан кенг фойдаланишга чақирган.

Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижроси Ҳукуматлараро комиссия доирасида мунтазам мониторинг қилиб борилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг