Тожик-қирғиз можароси: Россия икки ҳарбий иттифоқчисининг тўқнашувига муносабат билдирди

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна отишма бошланди. Отишма эндиликда чегарадош давлатнинг бошқа қисмида олиб борилмоқда.

Низолашаётган ҳар икки давлат билан ҳам ҳарбий иттифоқда бўлган Россия чегарадаги вазиятга муносабат билдирди. 

“Москва Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарининг баҳсли қисмида вазият кескин авж олишини хавотир билан кузатди. Афсуски, қуролли тўқнашувлар натижасида одамлар ҳалок бўлди. Икки томондан ҳам етарлича жароҳатланганлар бор”, деган РФ ТИВ вакили Мария Захарова.

Россия ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган. ТИВ томонларнинг ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбийларни ортга қайтариш бўйича келишувини олқишлаган.

“Биз томонларни қўшимча музокаралар орқали иттифоқчилик ва яхши қўшничилик руҳида вазиятни нормаллаштиришга имкон берадиган ва бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун самарали чоралар кўрадиган барқарор ва узоқ муддатли келишувларга эришишга чақирамиз. Шу муносабат билан биз Бишкек ва Душанбенинг Қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Россия Қирғизистон ва Тожикистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига амал қилиб, ҳар қандай баҳсли масалаларни сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал қилишда ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр”, дейди Захарова.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон-Тожикистон

Баҳолаганлар

272

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг