Тожик-қирғиз можароси: Қирғизистон чегарадаги тўқнашувлар нимадан бошланганини айтди

Олам

image

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ баёнотида айтилган.

“2021 йил 28 апрель куни Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғидаги “Головной” сув тақсимлагичи атрофида Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида можаро юз берган. У аста кескинлашиб, қуролли тўқнашувга айланган. Можарога тожик томонининг электр устунларга кузатув камераларини ўрнатиши сабаб бўлган. Икки республиканинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва маҳаллий маъмуриятлари вакиллари олиб борган музокаралар давомида зиддият ҳал қилинди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шу билан бирга Қирғизистон ИИВнинг таъкидлашича, 29 апрель куни соат тахминан 13:30 да маҳаллий аҳоли (қирғизлар томонидан) келиб камераларни олиб ташлашни талаб қилган. Тожикистон томонидан тўпланган одамлар талабни бажармай, бир қанча ов қуролидан ўқ уза бошлаган. Натижада Қирғизистон фуқаролари жабрланган.

“Тахминан соат 14:00 ларда Тожикистон томондан миномёт билан ўққа тутиш бошланди. Миномётдан отилган биринчи снаряд “Головной” сув тақсимлаш иншоотини нишонга олди. Кейин миномётдан муттасил ўқ узиш давом этди”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, “Головной” сув тақсимлаш иншоотини Қирғизистон ИИВ “Шер” ички қўшинлари қўриқлаётган бўлган ва улар ҳам қарши томонга ўқ уза бошлаган. Улар “Головной” сув иншоотининг эгаллаб олинишига йўл қўймаган. Тўқнашувларда Қирғизистон ИИВнинг 14 нафар ҳарбийси жароҳатланган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Қирғизистон-Тожикистон

Баҳолаганлар

540

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made