Сурия Украина билан дипломатик алоқаларини узди – ОАВ
Олам
−
20 Июль 2022
5781Сурия Украина билан дипломатик алоқаларини узди. Бу ҳақда бугун, 20 июль куни SANA агентлиги Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, бу қадам Украина томонининг ҳаракатларига жавоб сифатида қабул қилинган.
“Сурия Киевнинг қарорига жавобан Украина билан ўзаролик тамойили асосида дипломатик муносабатларни узишга қарор қилди”, дейилади хабарда.
Дамашқда улар Киев ҳақиқатда 2018 йилда суриялик дипломатларнинг визаларини узайтиришдан бош тортганида, муносабатларни узган деб ҳисоблашади.
“Ушбу қадам натижасида дипломатлар ўз вазифаларини бажара олмади, Украина расмийларининг душманлик позицияси ҳамда Ғарб ва АҚШнинг Сурияга нисбатан сиёсатига кўр-кўрона бўйсуниши туфайли элчихона фаолияти тўхтатилди”, дейилади хабарда.
ТИВ маълумотларига кўра, Украина томони Дамашқдаги элчихонани 2016 йилда ёпган, шунингдек, 2018 йилда Суриянинг Киевдаги элчихонасини ёпишга буйруқ берган. Суриядаги украиналикларнинг манфаатларини Украинанинг Ливандаги элчихонаси ҳимоя қилади.
Дамашқ 29 июнь куни Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олди. Эртаси куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги консуллик алоқаларини сақлаб қолган ҳолда Сурия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Улар Суриянинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини нодўстона қадам, Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз деб билишларини таъкидлади. Бундан ташқари, Киев Суриянинг юридик ва жисмоний шахсларига қарши савдо эмбаргоси ва санкциялар жорий этиш режаларини ҳам маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси