Сирдарё вилояти ИИБга ҳам янги бошлиқ тайинланди
Жамият
−
17 Март
8216Подполковник Фаррух Убайдуллаевич Ҳайдаров Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 17 март куни Сирдарё вилоятида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессияда Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг магистратура босқичи тингловчиси, подполковник Фаррух Убайдуллаевич Ҳайдаров Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
2022 йилнинг октябридан буён Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи сифатида ишлаб келган Санжар Жабборов Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Тошкент шаҳар ИИББга эса Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Равшан Султонхўжаев тайинланди.
Равшан Султонхўжаевнинг ўрнига эса Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган полковник Абдумажид Шермуҳаммедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи тайинланди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаб келган полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.