Андижон вилояти ИИБга янги бошлиқ тайинланди
Жамият
−
16 Март
11375Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Санжар Бўронович Жабборов тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Санжар Бўронович Жабборов Ички ишлар вазири буйруғи асосида Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига қўйилган. Бунгача Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаб келган полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Андижон ИИБнинг янги раҳбари Санжар Жабборов эса 2022 йилнинг октябридан буён Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Тошкент шаҳар ИИББга эса Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Равшан Султонхўжаев тайинланди.
Равшан Султонхўжаевнинг ўрнига эса Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган полковник Абдумажид Шермуҳаммедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи тайинланди.
LiveБарчаси