Пўлат Бобожонов ўзидан нима мерос қолдириб кетди
Жамият
−
04 Март
441442017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келаётган ва неча йиллардан бери фаоллар томонидан ишдан кетиши сўралаётган Пўлат Бобожонов бугун, 3 март куни лавозимидан озод этилди. Аммо Пўлат Бобожоновнинг нима учун ишдан кетгани ҳақида ҳеч қандай ахборот очиқланмади.
Маълумот учун, Бобожонов Пўлат Раззоқович 1961 йилнинг 1 январида Боғот тумани, Хоразм вилоятида туғилган. 1977-1982 йиллар давомида Тошкент давлат университети юридик факультети талабаси бўлган Бобожонов 1982 йилда ҳарбий хизматни ўтаган. Ўз меҳнат фаолиятини эса 1982-1983-йилларда Гурлан тумани прокурорининг ёрдамчиси вазифасида иш ўрганувчи сифатида бошлаган Бобожонов, 1991-1992 йилларда Хоразм вилояти Гурлан тумани прокурори, 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, 2005-2006-йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи, 2006-2011 йилларда Жиззах вилояти прокурори лавозимигача кўтарилган. У 2011 йилда қисқа муддатга Бухоро вилояти прокурори этиб тайинланганида унинг прокуратура соҳасидаги карьераси якун топган.
Айни шу йилдан у Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2012 йилдан 2017 йилгача нақ 5 йил давомида Хоразм вилояти ҳокими вазифаларида фаолият олиб борган. Бобожоновнинг ҳокимлик фаолияти ҳам шу ерда тўхтади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 сентябрдаги фармони билан Пўлат Раззоқович Бобожонов Ўзбекистон ички ишлар вазири этиб тайинланган.
Ўшанда 9 ой Ички ишлар вазири бўлган Абдусалом Азизовнинг ўрнини фавқулодда эгаллаган Бобожонов эл-юртнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар тизимини яратиш, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни фаолиятининг асосий мезонига айлантириш ҳамда жамиятда “Қонун ва адолат устуворлиги, жиноятга жазо муқаррарлиги” принципини қарор топтиришга ваъда берганди.
Хўш, у 8 йиллик Ички ишлар вазири номли фаолиятида бунинг уддасидан чиқа олдими?
Даставвал, бу лавозимга эндигина тайинланган 2017 йилда Бобожонов бир қанча йирик ишларни амалга оширган эди. Масалан, у 11 ойда 200 нафар ички ишлар ходимини жиноий жавобгарликка торттирган. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган, нопок, тамагирлик, порахўрлик ва “Ички ишлар органлари ходими” деган номга доғ тушириши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларни содир этишга мойил ходимлар йўқ эмаслигини айтиб, бу ишни қилганди.
“Жаслиқ” қамоқхонасининг ёпилиши ҳам 2019 йилда, айнан Бобожоновнинг вазирлик фаолияти гуркираган пайтда содир бўлди. Аммо 2020 йилдан бошлаб Пўлат Бобожонов жамоатчилик учун ёпила бошлади. Фақатгина Президент қарорларининг шарҳи талаби учун давлат телеканалларига берадиган кам сонли интервьюларини ҳисобга олмаса, бошқа хусусий ОАВ воситалари архивидан унинг интервьюларини топиш амри маҳол.
Масалан, Бобожонов гарчи Ички ишлар вазири бўлса ҳам, мамлакатда содир бўлаётган Ички ишлар тизимига оид воқеа-ҳодисалар ҳақида расмий муносабат бериб чиқмайди. Маҳкумларнинг ўз жонига қасд қилиши, қамоқхоналардан уларнинг мурдаси чиқиши, ИИБ ходимларининг хизмат қуроли билан ўзини отиб қўйиши, фуқароларнинг Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланиши.
Сарлавҳалар шов-шувли, хабарлар қанчалик долзарб бўлмасин, Ички ишлар вазири жимлигича қолаверди! Бирор марта жамоатчилик учун ҳисоб бериб ўтирмади.
Агар Сенатда бир йилда икки марта ҳисобот беришини инобатга олмаса, ОАВда ҳам кўриниш беравермайди. Журналист ва блогерлар билан бўлиб ўтадиган матбуот анжуманларига эса яқин ҳам йўламайди. Нега? Наҳотки, Бобожонов журналистлардан шунчалик қўрқади?
Айни шу мазмундаги савол билан 2022 йилнинг 1 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги расмийлари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида масъулларга юзлангандик. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, вазир жанобларининг вақти жуда кам ва ўша вақт ҳам одатда вилоятлардаги сафарларда ўтади. Лекин вазир ижтимоий тармоқларни доимий равишда кузатиб боради.
Ички ишлар вазирлиги ҳар бир мамлакатнинг муҳим органи. Агар уни инсон организмининг бир қисмига менгзасак, ИИВни артериал қон томири, десак муболаға бўлмайди. Шундай экан, соҳага доир муаммо ва камчиликлар ҳам шунга яраша бўлади, албатта.
Бобожонов ички ишлар соҳасидаги қандай муаммоларни ҳал қилди?
Унинг давридан бошлаб ички ишлар соҳасида гендер тенглигига амал қилина бошланди.
- Пўлат Бобожонов лавозимдалигида тазйиқ ва зўравонликка учраган 54 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
- Йўл ҳаракати хизмати ходимлари боди-камералар билан ишлашга ўтди. Фуқароларнинг маълумотлари махсус планшетлар орқали текширилиб, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.
- Халқ орасида “Кўча” номи билан танилган криминал гуруҳларнинг қўлга олинишига ҳам Бобожонов бош-қош бўлиб турди.
Аммо…
- Айнан Бобожонов фаолиятининг 5 йили давомида Ўзбекистонда жиноятлар сони 113 фоизга, биргина 2024 йилда 27 фоизга ошган.
- Ўтган йил давомида мамлакатда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, уларда 8901 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2203 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ўтган 2023 йил билан солиштирилганда камайган бўлса-да, 2020 йил билан таққосланганда анча юқорилади.
Ижтимоий тармоқларда ўзининг ва жамиятнинг муаммоларини айтиб чиқувчилар Пўлат Бобожоновга мурожаат қилиб, ундан нажот кутадиганлар, муаммоларни ҳал қилиб берувчилар анчагина.
Вазирлик матбуот котиби ўз вазири ва вазирлигини узоқ йиллар ҳарчанд ҳимоя қилишга уринмасин, муаммолар, шикоятлар борган сайин катталашмоқда. Ғиёсов кейинги матбуот анжуманларига Пўлат Бобожоновни олиб келишга ҳаракат қилиши, лекин ваъда беролмаслигини айтганди. Ваъда бермагани тўғри бўлибди, бу гаплар айтилганидан 2 йил ўтибди ҳамки, Бобожонов матбуот анжуманларида барибир кўриниш бермади.
2024 йилда айнан унинг даврида ички ишлар ходимларини тасвирга олмасликка оид қонун лойиҳасининг эълон қилиниши ҳам Бобожонов шахсига нисбатан эътирозларни орттириб юборди.
15 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилгани, уйи эса ёқиб юборилгани ортидан 25 февраль куни терговга жалб қилинган 50 ёшли фермер Тоҳиржон Ҳайитов ўлик ҳолда оиласига топширилди.
Унинг айтишича, Тоҳиржон Ҳайитов жорий йилнинг 23 февраль куни тахминан 12:00 ларда Сурхондарё вилояти Узун туманидаги яшаш уйидан терговга олиб кетилган. Орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни у ўлик ҳолда оиласига топширилган.
Февраль ойининг ўзида икки кун ичида жазони ижро этиш колониясидан 2 ўлик чиққанди. 2024 йилнинг 23 май куни Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 6-сонли қамоқхонада 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилганди.
2023 йилнинг 3 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этган.
2022 йилда эса Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясидан Оятулло Махсумовнинг ўлиги чиққанди.
Шундай бўлса-да, у жамоатчилик учун энг ёпиқ вазир бўлиб, қолаверса-да лавозими ва мартабаси ошгандан ошиб бораверди.
2017-2018-йилларда Ўзбекистон Футбол Федерацияси вице-президенти бўлган Бобожонов 2023-йил 18 февралидан – Ўзбекистон Волейбол федерацияси раиси этиб тайинланган.
“Дўстлик” ордени билан мукофотланган ички ишлар вазири, эндиликда собиқ вазир 2024 йил 25 августда 1-даражали “Шон-шараф” ордени билан ҳам мукофотланди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг ўз Telegram каналида маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган Азиз Анварович Тошпўлатов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимига тайинланди. Бундан илгарироқ А.Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Янги вазир Азиз Тошпўлатов ким?
Азиз Анварович Тошпўлатов генерал майор. У 2015–2017 йилларда Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи.
2017 йил ноябрь – 2019 йил июнь: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи. 2019 йил июнидан – 2020 йил мартигача Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.
2020 йил 16 март – 2025 йил март: Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.
Сўнгги янгиликлар юзасидан шарҳларни QALAMPIR.UZ’да кузатинг ва бу ҳақида тез орада билиб олинг. Собиқ вазир Пўлат Бобожонов ҳақидаги фикрларингизни эса изоҳларда қолдиринг.
LiveБарчаси
Нетаньяху Ғазо сектори шимолига борди.
16 Апрель