Икки вазирнинг фавқулодда истеъфоси, куни битган порахўрлар, ҳомиладор ўқувчилар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистонда хитойликлар кўпайяпти, мамлакат ерлари хитойликларга сотиляптими? Ички ишлар вазири ишдан кетди, сабаблари мавҳум. Мактаб ўқувчилари ҳомиладор бўлиб қоляпти, ўқитувчилар эса вояга етмаган қизларга шаҳвоний шилқимлик қиляпти. Коррупцияга қарши курашаётган Ўзбекистонда коррупция камаймаяпти, аксинча, асосий курашчи бўлганлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзида ҳам порахўрлик авж олган. Бу ўзбекистонликлар тугаётган ҳафтада энг кўп муҳокама қилган мавзулар. Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонида юқоридагилар ҳақида атрофлича сўз юритилади.

Ишдан олинган Бобожонов

2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини бошқариб келаётган генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг лавозимидан озод этилганининг иси жорий ҳафтага келиб чиқди. У ўзи қачон лавозимидан озод этилган, нега вазирликдан бўшатилган, бу саволлар мавҳумлигича қолмоқда. Пўлат Бобожоновнинг лавозимидан озод этилиши билан боғлиқ Президент фармони ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ. Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов 2 март куни Telegram’даги саҳифасида Тошкент шаҳар Ички ишлар вазири лавозимига шу кунгача Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи курсисини эгаллаб келаётган генерал-майор Азиз Тошпўлатов тайинланганини эълон қилди, холос. 

3 йил Тошкент осойишталигига бош бўлган Тошпўлатов энди вазир. Шерзод Асадов Пўлат Бобожоновнинг қайси ишга ўтказилгани ҳақида ҳам миқ этмаган. Ҳолбуки, Бобожонов энди Президентга янада яқин. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланган. Фақат бу ҳақдаги ахборотни Президент Администрацияси қолиб, Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эълон қилди. 

Ёдингизда бўлса, бундан 3 ой аввал Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Абдусалом Азизовнинг лавозимидан озод этилиши ҳам худди Бобожоновникига ўхшаш сценарий асосида амалга оширилган эди. Аввалига, 2024 йилнинг 23 ноябрь куни ижтимоий тармоқларга 2019 йилдан буён ДХХ раиси лавозимида ишлаб келаётган генерал-лейтенант Абдусалом Азизов ишдан олингани, унинг ўрнига 2019 йилдан буён Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган генерал-майор Баҳодир Қурбонов тайинлангани ҳақидаги хабарлар сиздирилди. Кўп ўтмай, бу маълумот Давлат хавфсизлик хизматининг Telegram’даги саҳифасида тасдиқланди. Орадан бир кун ўтиб, 24 ноябрь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам тайинловлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бироқ Азизовнинг нима сабабдан ишдан бўшатилганига аниқлик киритмади, унинг Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилганини билдирди. 

4 декабрга келиб Асадов яна хабар чоп этиб, Абдусалом Азизов Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганини билдирди. 

Пўлат Бобожоновнинг ишдан бўшатилиши Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ягона истеъфо эмас. Вазирнинг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи полковник Шавкат Раҳмонов ҳам ишдан олинди. Бироқ унинг ҳам қачон ва нима сабабдан лавозимидан озод этилгани маълум эмас. Оммавий ахборот воситалари Раҳмоновнинг лавозимдан озод этилгани ҳақида бонг урса ҳам, вазирлик бу хабарларга расмий муносабат билдирмай келмоқда. Бироқ ташкилот сайтининг раҳбарият бўлимидан Шавкат Раҳмонов номи аллақачон ўчириб юборилган. У бу лавозимда 2023 йилнинг февралидан ишлаб келаётган эди. 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида Азиз Тошпўлатовдан бўшаган ўринни эса 2023 йилнинг августидан буён Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган полковник Равшан Султонхўжаев эгаллади. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Султонхўжаевга бегона эмас. У 2021-2023 йилларда Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси департаменти бошлиғи,  унгача эса пойтахт ИИББ ташкилий бошқармаси бошлиғи,  шунингдек, ИИВ тезкор тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бобожоновнинг истеъфосига келадиган бўлсак, у анча кутилди. Жамоатчилик, фаоллар фикрича, Бобожонов даврида маҳкумларнинг ўз жонига қасд қилиши, қамоқхоналардан уларнинг мурдаси чиқиши, фуқароларнинг Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланиши, тергов изоляторларидаги қийноқлар кўпайса кўпайдики, камайгани йўқ. Ҳатто, ИИБ ходимларининг  хизмат қуроли билан ўзини отиб қўйиши каби ҳолатлар ҳам учради. Бироқ Бобожонов вазирлик даврида буларнинг ҳеч бирига муносабат билдиргани, қийноқлар, тизимдаги хато ва камчиликлар учун халқдан узр сўрагани йўқ. 

ФВВ раҳбариятидаги ўзгаришлар

Ёдингизда бўлса, февраль ойи охирларида 2022 йилнинг мартидан буён Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Абдулла Қўлдошев истеъфога чиқарилган эди. Унинг ҳам ишдан бўшатилиши Бобожоновникидан фарқ қилмайди. Президент матбуот котиби ва бошқа расмийлар Қўлдошевнинг ишдан бўшатилишига оид фармонни эълон қилмади, унинг лавозимидан кетгани ҳақида хабар бермади, сабаблари ҳақида ҳам миқ этилмади. Фақат гўё бу лавозим азалдан бўш тургандек, Асадов Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Президентининг фармони билан Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурор лавозимида ишлаб келаётган Ботир Қудратхўжаев тайинланганини эълон қилди, холос. 

Тугаётган ҳафтада эса вазирнинг икки ўринбосари – Хуршид Сотиев ва Нуриддин Қодиров Президентнинг тегишли қарори билан ишдан олингани эълон қилинди. Сабаблари мавҳум қолаётган истеъфоларнинг сабабига эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи шу ҳафта Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида аниқлик киритди. 

Давлат раҳбарининг билдиришича, Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Абдулла Қўлдошев ва унинг икки ўринбосари қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилишлар кўпайиб кетгани учун ишдан олинган. 

Шунингдек, ҳафта бўйича давом этган шов-шувли истеъфолар фақат шулардан иборат эмас. Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевнинг ими-жимида лавозимидан озод этилгани фош бўлди. Нега энди ими-жимида деяпман?! Чунки 2019 йилдан буён вазирга ўринбосар бўлиб келаётган Мелиев ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлиги сайтидан олиб ташланган ва унинг ўрни вакант ўлароқ ҳозирча бўш тургани кўрсатилган. Адлия вазирлиги ҳозиргача бу истеъфонинг қачон рўй бергани ва сабабларига аниқлик киритгани йўқ.

Бу орада экранлар қаршисидан узоқлашманг. Чунки Президент бу ҳафта порахўрликка қарши курашиш масалида жиддий йиғилиш ўтказган. Энг қизиғи, ҳали олдинда. 

Ўзбекистон ерлари хитойликларга сотиб юбориляптими?

Ижтимоий тармоқларнинг қай бирига кирманг, одамлар тилидан тушмай муҳокама қилинаётган асосий масала Ўзбекистон, хусусан пойтахт Тошкентда хитой миллатига мансуб фуқаролар ва хитойликларнинг дўкон, савдо мажмуалари, дам олиш масканлари ва ресторанлари кўпайиб қолган. Кўпчилик Ўзбекистоннинг стратегик қазилмалар олинадиган ер майдонлари ҳам хитойликларга бериб юборилаётгани ҳақидаги фаразлардан хавотирда. 

Аслида бугунгача Ўзбекистондаги бирор стратегик қазилмалар хитойликлар қўлига ўтгани ҳақида жамоатчиликка очиқ бўлган аниқ ҳужжат мавжуд эмас. Бошқа томондан, стратегик қазилмаларни олиш ва қайта ишлашда давлатлар ўзаро ҳамкорлик қилиши бутун дунёда кузатиладиган ҳолат. Хитойликлар ёки умуман, бирор хорижий мамлакат фуқароларига Ўзбекистон ерларининг сотиб юборилаётгани ҳақидаги гапларга эса Кадастр агентлиги муносабат билдириб чиқди.  

Агентликка кўра, ер участкаларини бериш (реализация қилиш) талаблари Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси билан белгиланган ҳамда унинг 17-моддасига мувофиқ чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкин. 

Ушбу кодекснинг 24-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ер участкалари ижарага берилади.

Шунингдек, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек, давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди, яъни чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди. Янада аниқ айтилса, сотилмайди! Ҳатто, қишлоқ хўжалиги ерларини Ўзбекистон фуқаролари ҳам хусусийлаштириб ололмайди. Демак, бу гаплар сафсата. 

“Ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган хабарлар. Шу ўринда фуқароларимиздан ҳар хил алдовларга учмасликларини, ижтимоий тармоқ фаолларидан эса ёлғон ва асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўраб қоламиз. Зеро, охири ўйланмай қилинган юқоридаги каби ҳолатлар аҳолида норозилик, қонунларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши, ҳатто, инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутманг”, дейилади муносабатда.

Ижтимоий тармоқларга бир мўраласангиз, одамлар бир-бири билан талашиб, уришган, ҳақорат қилган, ўзбек ўзбекнинг кўзини ўяётганига гувоҳ бўласиз. Айниқса, “диванный комментатор”ларнинг ҳисобига ҳозир исталган ёлғон маълумотни худди ростдек тақдим этиш имкони ортган. Битта ёлғон хабарни жамоатчилик орасига ташлаб қўясиз, боши-охирини билмай, маълумот текширилмай, суриштирилмай муҳокама бошланади. Баъзан бу муҳокамаларга жамиятда ўз ўрнига, ортидан одамларни эргаштириш кучига эга одамлар ҳам қўшилади. Қарабсизки, бояги ёлғон ростга айланади. Хитойликлар масаласида чиққан шов-шувли гапларга Кадастр агентлигидан бошқа идоралар ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Шу боис идораларнинг жим ўтириши одамларнинг муросасизлигини орттираётгани ҳам бор гап. Ҳолбуки, вазият у қадар қўрқинчли эмас экан, нега жамоатчиликнинг хавотирларига бошқа расмий идоралар муносабат билдирмаяпти?

Тошкентда, умуман, Ўзбекистонда хитойликларнинг ортиб бораётганига келсак, Ўзбекистон Хитой учун катта салоҳиятга эга, тарихий ва очилмаган қирралари кўп бозор. Бу ерда хитой молларига ўчлик жуда юқори. Қолаверса, Хитой АҚШ ва Европа билан қил устида турган муносабатлари ҳисобига янги бозорларни забт этиш йўлларини қидиряпти. Бошқа томондан, ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз режим жорий қилинган. 

Дунёда эса интеграция жараёнлари кучайиб бормоқда. Бозорлар кенгаймоқда. Биргина ўзбекларни олиб қарайлик, АҚШнинг Бруклин, Манхэттен, Цинциннатиси ўзбек муҳожирлари билан тўлиб тошган. Улар орасида АҚШ паспортига эга минглаб ўзбекларни учратасиз. Ўзбекистонда катта мол-мулкка эга ўзбекистонликлар орасида ҳам ҳозир АҚШда яшаб, ўша ерда ризқини топиб юрган ўзбекларни кўрасиз. Нью-Йоркда ўзбек ресторани, меҳмонхонаси, супермаркети ҳам жуда кўп. Кореяда ҳам шунга ўхшаш ҳолатга гувоҳ бўласиз, Туркияни-ку айтмасам ҳам бўлади. Хўш, бу давлатлар ўзида ўзбеклар ва уларнинг бизнеси кўпайиб бораётганидан безовтами? Йўқ! Аксинча, улар мустаҳкам қонунлар ва янгилик қилишга интила оладиган, дунё бозори билан бемалол рақобатлаша оладиган халқига ишонади. Тўғрироғи, давлат бош ислоҳотчи ва ўша халқни аллақачон етиштирган. Бундай вазиятда давлатнинг асосий тиргаги мустаҳкам қонунлар, ўзгармас принцип ва кучли ақл-идрокли халқ бўлиши керак. Ҳар қандай мамлакат кучли сиёсат ва барқарор иқтисодга қонун устуворлиги, ҳуқуқий жамият барпо этиш, илм-фанни юксалтириш ва тадбиркорлик олдидаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, янгиликларни амалга ошириш учун кенг имкон яратиш, оғзаки ва инсон омилига боғланган бошқарувдан воз кечиш орқали чиқади. Бугун ривожланган ва интеграциядан, бошқа халқларнинг кириб келишидан қўрқмайдиган давлатларда вазият ана шундай. 

Коррупцион жиноятларнинг 75 фоизи маиший коррупция шаклида содир бўлмоқда

Ўзбекда пора дейилмайдиган, лекин таг моҳиятини олиб қарасангиз, порага тенглаштирган арзигулик олди-бердилар жуда кўп. Совға, тўёна, қўл ҳаққи, кўз ҳаққи, суюнчи, мозорбосди... Буларни кўп давом эттириш мумкин ва аксарида мақсад бир – пора. Кимнингдир кўнглини овлаш. Туғуруқхона, боғча, мактабдан тортиб, университетда, ишга киришда, ўша ишда мустаҳкам ўрин олишда, мансаб пиллапояларидан осон кўтарилишда, кейин йиққан-терганини ими-жимида ортмоқлаб олиб кетишда, ҳатто, ўлганида ҳам пора беришга фарзандларимизни ўргатиб келаётган одамлармиз. Пора олганмисиз, десам йўқ дейишингизни биламан. Шунинг учун саволни бироз ўзгартираман. Пора берганмисиз? Йўқ, дея олмаслигингизни биламан, овоз чиқариб айтишингиз шарт эмас, сукут аломати ризо. Сезганингиздек, боя ваъда қилган масаламга мана энди навбат етиб келди. Тугаётган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда мамлакатда коррупция ҳолатлари кўпайиб бораётгани, коррупция қарши курашиш агентлиги эса жиноят иши очилган ҳолатларнигина санашдан нарига ўтмаётгани ҳақида куюниб гапирди, қатор фактларни, коррупция омилларини санади. Агентлик ва унинг раҳбари Акмал Бурҳоновдан рози эмаслигини очиқ айтди. Унинг эътиборидан ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти ҳам, қурилиш, таълим, тиббиёт соҳалари ҳам, суд, прокуратура, солиқ органлари фаолияти ҳам четда қолмади. Давлат раҳбари коррупциявий жиноятларнинг очилиши, порахўрликка қарши курашда оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва нодавлат ташкилотларнинг ўрни юқори бўлаётганини эътироф этди. Бош вазир Абдулла Ариповга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларнинг олдига аниқ вазифаларни белгилаб беришни топширди. 

Давлат раҳбарига кўра, коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир бўлмоқда. Шунингдек, давлат бюджетидан мақсадсиз фойдаланиш, унинг талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам кескин қораланди. 

Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинаётган товарларни ҳам тартибга солиш вақти келганини айтган давлат раҳбари, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талабларни кучайтириш керак деган фикрни олға сурди. 

Хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль ва мебелга ўтиш зарурлиги айтилди. 

Йиғилишда давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани айтилди. Аслида уни қабул қилиш муддати анча аввал белгиланган ва муддатидан ўтиб кетган эди. Лекин ҳеч ким, айниқса, уни қабул қилишга масъул бўлган ташкилотлар бу борада миқ этмай келаётганди. Гўё амалдорлар бугунгача йиққан-тергани, тўплаганини яшириб олишига вақт ва имкон берилгандек...

Президент масъулларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритишни топширди.

Гап бориб ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўришга тақалди. Қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритиш таклиф қилинди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади. Президент Миллий кенгашни, парламентнинг коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини бу борада халқаро андозаларга мос таклифларни ишлаб чиқишга чақирди.

Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган “ўқ илдизларини” қуритиш шарт. Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўлаяпти, одамлар уларга тенглашаман деб, ўзини “ўтга-чўғга” уряпти.

Бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига, бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап, дейди давлат раҳбари. Гап келганда бир масалага тўхталиб кетсак. 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори ва ушбу қарор билан тўйларни қандай ўтказиш бўйича Низом қабул қилинган эди. Ҳозир Низомга чуқур тўхталсак, анча вақтимиз кетади. Лекин шуни айтиш ўринлики, бу қарор ва Низом қоғозда қолиб кетди. 2019 йилда буён унинг ижроси таъминланмади. Дабдабали тўйлар бошида эса давлат амалдорлари, вазирларнинг ўзи бўлди. Мансабдорларнинг фарзандлари тўйлари оддий одамлар қилаётган дабдабадан анча ўтиб тушди. Бир неча кунга чўзилган маросимлар дейсизми, улардаги қимматбаҳо совғалар олди-бердиси дейсизми, ҳатто, хориж санъаткорларининг иштироки борасида ҳам вазирлар, амалдорларимиз кимўзар ўйнади. Гўё бу қарорлар фақат халқ учун қабул қилингандек. Келинг, мен бундай тўйлар ўтказган мансабдорлар номини санамай, сиз уларни яхши биласиз. Қайси амалдорнинг дабдабали тўйини эслайсиз.

Дарвоқе, Президент раислигида ўтган йиғилиш ҳақида батафсил алоҳида дастур тайёрлаганмиз, уни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин. 

Пора олган Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари

Ўзбекистон 2024 йилда 180 мамлакат ўрин олган коррупция бўйича рейтингда 121-ўринни эгаллади. Бу – мамлакат ўта коррупциялашганини англатади. 2024 йилда коррупцияга оид жиноятлар олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. Лекин бу дегани ҳуқуқ-тартибот органларида коррупция йўқ, дегани эмас. Аслида кўплаб соҳалардаги коррупцион ҳолатларни билсак-да, улар енг остида қолади. 

Президент коррупцияга қарши курашиш борасида жон куйдириб гапираётган, бунда ҳуқуқ-тартибот органлари самарадорлигини ошириш, одил судловни таъминлашга урғу бераётган бир пайтда шу ҳафта Миллий гвардиянинг икки ходими пора билан қўлга тушиб турибди денг.

Биринчи ҳолат пойтахт Тошкентда аниқланган. Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси Олмазор тумани бўлими отряд командири катта лейтенант 1980 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали унинг танишини Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига Мирзо Улуғбек туманидаги “Экобозор” савдо мажмуаси автотураргоҳида 5500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Иккинчи ҳолат эса Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоятнинг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасига қарашли соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари подполковник хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 1989 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг ваколатли танишлари ёрдамида уни Миллий гвардиянинг Тошкент вилоятидаги қўриқлаш бўлинмаларидан бирига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1500 доллар олган вақтида ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шуни айтишса керак: онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан деб. 

Шу ҳафтада эса Тошкент шаҳри Бектемир туманида 500 доллар пора билан қўлга тушган Ички ишлар ходими эса Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил Ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Фарзандли бўлган ўқувчи қиз. Ўқувчига шилқимлик қилган ўқитувчи

Навоий вилояти Кармана тумани 15-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди. Ғалати хабар, тўғрими?! Афсуски, бу ҳақиқат!

Бу воқеа жамоатчиликка фош бўлганидан кейин вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тилга кирди. Ижтимоий тармоқларда айтилишича, ҳомиладор бўлиб қолган ўқувчи қиз айрим фанлардан дарсларда иштирок этмаган. У дарсларга иштирок этмаса-да, ўқитувчилар томонидан баҳо қўйиб борилган. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу маълумот масъуллар томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. 

Пойтахт Тошкентда эса ўқитувчи 10 яшар ўқувчи қизга шаҳвоний шилқимлик қилгани аниқланди. Жорий йилнинг 16 февраль куни соат 13:30 да Яккасарой туманида жойлашган рассомчилик тўгараги мактабида 2000 йилда туғилган ўқитувчи дарс вақтида 2015 йилда туғилган қизалоқнинг қадди-қоматини тавсифлаб, унинг елкаларини ушлаб, уқалаб, қўлларини ушлаб, қучоқлаб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Нақадар ифлослик-а? Ё сиз қаерда тарбия олгансиз? Жамиятимиз нега бу каби мараз инсонларга тўлиб кетяпти? Қизларимиз жамоат транспортида юролмаса, тўгаракка боролмаса, бу қанақа жамият ўзи? Бир қарасанг, ҳаммаси тинч, осуда, одамлар ўта тарбияли ва фаросатли. Бир қарасанг, атрофи кўзи шаҳват қонига тўлганлар билан буркангандек. 

Хуллас, тугаётган ҳафтада Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ўша ўқитувчининг қилмиши кўриб чиқилди. Суд мажлисида ўқитувчи номига нолойиқ ўша йигит айбига тўлиқ иқрор бўлган. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Мана, сизга суднинг адолати! Кимнингдир авайлаб, кўз қорачиғидек асраб ўстираётган, ҳали гўдак қизига қайсидир педофил шилқимлик қилиб, унинг ҳали уйғонмаган ҳирси билан ўйнашади ва эвазига ол сенга 5 сутка. Адолатми бунинг номи? 

Шукурки, жамиятда виждони уйғоқлар бор. Болалар омбудсмани ишни назоратига олди ва ўқитувчига нисбатан чиқарилган суд қарори бекор қилиниши учун прокурор протести киритилди. 

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг қарорини бола ҳуқуқлари таъминланиши нуқтаи назаридан ўрганиб, суд қарори боланинг манфаатига зидлиги туфайли Тошкент шаҳар прокуратурасига мазкур суд қарори устидан апелляция тартибида протест билдиришга оид илтимоснома киритган.

Шундан сўнг, биринчи инстанция судининг мазкур қарори устидан апелляция тартибида прокурор протести киритилган. Натижада биринчи инстанция судининг ўқитувчига нисбатан қарори бекор қилиниб, иш материаллари қўшимча терговга қадар текширув юритиш учун туман прокуратурасига қайтарилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гап келганда, яна бир воқеани айтиб кетай. Шу ҳафта Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 14 ёшли қиз ўз уйида арқон билан ўзини осиб, жонига қасд қилди. Қизнинг ўлим сабаби дастлабки текширув натижасига кўра механик асфиксиядан келиб чиққани аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Кармана туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Тошкент Абдусалом Азизов ДХХ ФВВ Ўзбекистон Хитой Коррупция Адлия вазирлиги Пўлат Бобожонов Қишлоқ хўжалиги Абдулла Арипов Пора Шерзод Асадов Ҳарбий прокурор Азиз Тошпўлатов Акмал Бурҳонов Равшан Султонхўжаев Хуршид Сотиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг