Руслар Украина армияси шарққа ўтишига тўсқинлик қилмоқда – УҚК
Олам
−
28 Апрель 2022
14151Россия армияси Украинадаги ҳужум суръатини ошириб, фронтнинг Слобожанский ва Донецк йўналишларида фаол ҳужум операцияларини давом эттирмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 апрель куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг хулосасига кўра, 28 апрель эрталабдан бошлаб, Россия Қуролли Кучлари қўмондонлиги Изюм шаҳри ҳудудига қўшимча кучларни жойлаштиришни бошлаган. Шу билан бирга Орехово аҳоли пунктига қарши ҳужум давом этмоқда.
Киевнинг таъкидлашича, Россия қўмондонлигининг асосий мақсади Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, шунингдек, ноқонуний равишда аннекция қилинган Қрим билан қуруқлик йўлагини ушлаб туриш бўлиб қолмоқда.
Украина Қуролли Кучларининг таъкидлашича, Россия қўшинлари Украина армиясининг захираларини Северск йўналишига ўтказишга ва уларнинг Шарқий операцион зонага ҳаракатланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
Кураховский йўналиши бўйича рус қўшинлари Старомайор – Великая Новоселка ва Любимовка - Зеленое Поле бўйлаб олдинга силжимоқда.
Мелитопол аэродроми Россия ҳарбийлари томонидан Су-25 ҳужумчи самолётлари, Ка-52 ҳужум вертолётлари ва Ми-8 транспорт ва жанговар самолётларини жойлаштириш учун фойдаланилмоқда.
Фақат Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида ўтган кун давомида олтита ҳужум қайтарилган, бешта танк, битта артиллерия тизими, йигирма иккита зирҳли техника, битта автомобиль ва битта зенит қурилмаси йўқ қилинган.
Маълумотларга кўра, уруш бошланганидан бери Украина Қуролли Кучлари 22,8 мингга яқин россиялик ҳарбийларни йўқ қилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси