Руслар 6 ой олдин эгаллаган шаҳар озод қилинди – Зеленский (видео)

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 8 сентябрь куни Харьков вилоятидаги Балаклея Россия ҳарбийларидан озод қилинганини тасдиқлади. Бу ҳақда у Telegram’да украиналик ҳарбийлар шаҳар узра Украина байроғини кўтараётгани акс этган видеони жойлаш орқали маълум қилди.

“Ҳаммаси ўз ўрнида. Байроқ эркин Украина осмони остидаги эркин Украина шаҳрида”, дейди у.

Видеода ҳарбийлар соат 16:00 ҳолатига кўра Балаклея Украина назорати остида бўлганини ва душман чекинганини айтган.

Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Балаклея қўлдан кетганига изоҳ беришдан қочган ва Мудофаа вазирлигига мурожаат қилишни сўраган.

“Махсус ҳарбий операциянинг боришига келсак, бу (масалада) менинг ҳамкасбим (Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили) Игор Конашенковга (мурожаат қилинг)”, деган Песков.

Бундан ташқари, Кремль матбуот котиби Россия Президенти маъмурияти содир бўлаётган воқеалардан хавотирдами, деган саволга жавоб бермаган ва журналистларга Россия Мудофаа вазирлиги билан боғланишни маслаҳат берган.

ОАВ маълумотларига кўра, Путин 9 сентябрь куни Россия Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан оператив учрашув ўтказиши хабар қилинган.

Март ойи бошида рус қўшинлари Балаклеяни эгаллаб олишганди. Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбарининг маълумотларига кўра, шаҳар мэри Иван Столбовой Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ва кейин шаҳарни тарк этган ва Россияга кетган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг