Россия Украина билан урушга тайёрлаган кучларини деярли ишлатиб бўлди – Пентагон
Олам
−
08 Март 2022
13344Россиянинг уруш учун сафарбар қилинган жанговар кучининг деярли 100 фоизи аллақачон Украинага ташланган. Бу ҳақда CNN АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозимига таяниб, хабар берган.
Расмийнинг сўзларига кўра, Россия босқинни амалга ошириш учун Украина чегараларига жойлаштирган жанговар кучининг “деярли 100 фоизини” ишлатган.
Пентагоннинг қайд этишича, Россия Украинада 625 дан ортиқ ракета учирган.
Расмийнинг таъкидлашича, Украина ҳаво ҳудуди учун кураш ҳали ҳам давом этаётган бир пайтда, АҚШ Украина Президенти Владимир Зеленский Украина ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун “ўз самолётлари”, шунингдек, “ер-ҳаво” қуролларига эга эканини тахмин қилмоқда.
Украин ОАВнинг ёзишича, АҚШ разведкаси ҳужумдан бир неча кун олдин Россия ўзининг жанговар бўлинмаларининг 75 фоизини Украинага қарши сафарбар қилганини айтганди. Бундан келиб чиқадики, 7 март ҳолатига Россия Федерациясида жами ҳарбий бўлинмаларнинг атиги 25 фоизи қолган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь