Россия КХДРдан снаряд ва ракета сотиб олишга мажбур бўляпти – NYT

Олам

image

Россия Шимолий Кореядан миллионлаб артиллерия снарядлари ва ракеталарини сотиб олмоқда, бу глобал санкциялар унинг таъминот занжирларини кескин чеклаб қўйганини ва Москвани ҳарбий таъминот учун қувғинди давлатларга мурожаат қилишга мажбур қилганидан гувоҳлик беради. АҚШ разведкасининг яқинда ошкор қилинган маълумотлари буни тасдиқлайди, деб ёзади “The New York Times”.

АҚШ ҳукумати расмийлари фикрича, Россиянинг дронлар учун Эронга, ҳозир эса Шимолий Кореяга мурожаат қилиш қарори Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар ва экспорт назорати Москвани ўз ҳарбийларини таъминлашга тўсқинлик қилаётганидан далолатдир.

АҚШ расмийсининг айтишича, Россия қисқа масофали ракеталар ва артиллерия снарядларидан ташқари, келгусида Шимолий Кореядан қўшимча ускуналар сотиб олишга ҳаракат қилиши кутилмоқда.

“Кремль Шимолий Кореядан умуман бирор нарса сотиб олишга мажбур бўлишидан хавотирга тушиши керак”, дейди Урушни ўрганиш институтининг Россия жамоаси раҳбари Мейсон Кларк.

NYT’нинг қайд этишича, иқтисодий санкциялар ҳозирча Россияга зарар етказмаган. Тўлиқ босқиндан кейин кўтарилган энергия нархлари унинг ғазнасини тўлдирди ва Москвага банкларининг халқаро молиялаштиришдан узилиши ва экспорт ва импорт чекловлари оқибатларини юмшатиш имконини берди. Айрим рус олигархларига қарши санкциялар ҳам Владимир Путиннинг қудратига путур етказа олмади.

Аммо АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Россия ўз ҳарбий кучларини тиклаш қобилиятига келганида, Европа ва АҚШнинг иқтисодий ҳаракатлари самара берган. АҚШ ва Европа санкциялари Россиянинг ушбу қурол ёки қуролларни ишлаб чиқариш учун электроника маҳсулотлари сотиб олиш имкониятини блоклаган.

Москва Хитой ушбу чекловларни четлаб ўтишга ёрдам беради ва Россия армиясини таъминлашда давом этади, деб умид қилган. Аммо АҚШ расмийларининг фикрича, Хитой Россия нефтини чегирма билан сотиб олишга тайёр бўлса-да, ҳозирча Россия ҳарбийларига қаратилган экспорт чекловларига риоя қилган ва ҳарбий техника ва бутловчи қисмларни сотишга уринмаган.

Шу боис Россия диққатини Эрон ва Шимолий Кореяга қаратган. Икки давлат санкциялар туфайли халқаро савдодан асосан узилиб қолган, шунинг учун улар Россия билан ҳамкорлик қилиш орқали деярли ҳеч нарса йўқотмайди. Шу билан бирга, Шимолий Кореядан қурол сотиб олиш бўйича ҳар қандай келишув БМТнинг Пхеньяндан қуроллар тарқалишини чеклашга қаратилган резолюцияларини бузиш бўлади.

АҚШ расмийсининг айтишича, Шимолий Корея билан янги келишув Москвада умидсизлик борлигини кўрсатади. Америка тадбиркорлик институтининг ҳарбий эксперти Фредерик Каганнинг фикрича, Шимолий Кореяга мурожаат қилиш Россия уруш олиб бориш учун зарур бўлган асосий воситаларни ишлаб чиқара олмаслигидан далолатдир. 
Зеро, Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилаётган 152 миллиметрли артиллерия снаряди ёки “Катюша” ракетасидан бошқа юқори технологияли ҳеч нарса йўқ.

“Кремль Шимолий Корея ёки бошқа бировдан артиллерия снарядлари ёки ракеталарини сотиб олишининг ягона сабаби – Путин Россия иқтисодиётини ҳатто энг оддий даражадаги урушга сафарбар қилишни хоҳламагани ёки қила олмаганидир”, дейди Каган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг