Россия 5 ойда АҚШнинг Ироқдаги 8 йиллик урушидан кўпроқ аскар йўқотди – “Die Welt”

Олам

image

Украинага қарши беш ойлик кенг кўламли урушда русларнинг йўқотишлари Американинг Ироқдаги саккиз йиллик урушидаги йўқотишларидан бир неча баравар ортиб кетди. Бу “Die Welt” немис нашри мақоласида сўз боради.

Журналистларнинг қайд этишича, Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, шу кунгача 25 минг россиялик аскарлар ҳалок бўлган. Америка Марказий разведка бошқармаси бу рақамни эҳтиёткорлик билан баҳолаб, 15 000 киши деб йўқотилди деб ҳисобламоқда.

Иккала сценарийда ҳам беш ойлик талофатлар АҚШнинг Ироқдаги 8 йил давом этган урушидаг йўқотган 4500 аскаридан кўп.

“Ташқаридан қараганда, Россия йўқотишларининг аниқ сонини аниқлаш қийин. Аммо турли ишоралар нисбатан аниқ тасаввур яратишга ёрдам беради. Ва бу тасаввур Россия армиясида жиддий кадрлар муаммолари борлигини кўрсатади”, дейди хавфсизлик бўйича эксперт ва Германия ташқи ишлар кенгашининг россиялик таҳлилчиси Андраш Рац.

Рацнинг шахсан ўзи ўлдирилган рус аскарлари сонини камида 20 мингга яқин деб ҳисоблайди. Эмпирик қоидага кўра, ҳар бир ўлдирилган аскар учун учтаси яраланган.

Таҳлилчининг таъкидлашича, Путинга оддий армия аскарлари етишмаётгани ҳақида кўплаб далиллар мавжуд. Хусусан, бу аслида ички операциялар учун ўқитилган Миллий гвардиядан фойдаланиш, “Вагнер” ХҲКнинг қиммат хусусий элита бўлинмаси ёлланма аскарларидан ҳаддан ташқари фойдаланишда кўринади.

Рац Россия ҳарбийлари билан боғлиқ яна бир муаммога ишора қилган: ротация. Ўлганлардан ташқари, Россия тез орада чарчаганлар учун ҳам компенсация топиши керак.

Россия ҳозирда қўшинларини тўлдиришга астойдил ҳаракат қилаётгани ҳақида кўплаб белгилар мавжуд. 

Кўрилган чоралар қаторида 3 минг доллар миқдорида маош тўлаш, кўнгилли батальонларни шакллантириш, шартнома бўйича аскарларнинг юқори ёш чегарасини ошириш, Украина шарқидаги босиб олинган ҳудудлар ва Чеченистоннинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида мажбурий ёллаш кабилар шулар жумласидан.

“Бу одамларда тайёргарлик кам, мотивация паст, тегишли жиҳозлар йўқ. Аслида улар, фақат тўп гўшти”, дейди Рац.

Умумий сафарбарлик, албатта, ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборади, аммо бусиз рус армиясини қийин кунлар кутмоқда, дейди Рац.

“Одамларга ҳар доим Россиянинг мунтазам армияси чексиздек туюлади. Аммо бу ундай эмас. Умумий сафарбарликсиз уларнинг Донецк вилоятининг қолган қисмини ҳам забт этишлари ниҳоятда шубҳали, деб ҳисоблайман”, дейди таҳлилчи.

Мутахассис жанговар техниканинг йўқ қилиниши ҳам амалда аскарларнинг ўлдирилишини англатишини қўшимча қилган.

Хусусан, Oryx таҳлилий платформасида 4800 дан ортиқ рус танклари, вертолётлари ва ракета қурилмалари йўқ қилинган ёки қўлга олингани қайд этилган.

“Бу жуда катта рақамлар ва фақат текшириш мумкин бўлган йўқотишлар. Армия кўплаб моддий-техника воситаларини аскарларни йўқотмасдан бой бериши мумкин бўлган ягона сценарий бор: шошилинч чекиниш, лекин Россия армияси ҳужум қиляпти”, дейди Рац.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг