Путин Эрдўған билан Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Олам

image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 10 ноябрь куни телефон орқали мулоқот ўтказдилар. Бу ҳақда ҳар икки давлат раҳбарлари Матбуот хизмати хабар берди

Владимир Путин Эрдўғанга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан 9 ноябрь куни қабул қилинган уч томонлама баёнотда ёзилган келишувларнинг моҳияти ҳақида маълумот берди. 

Кремлга кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Тоғли Қорабоғ можаросини узоқ муддатли ва ҳар томонлама ҳал қилиш учун яхши замин яратадиган воситачилик ҳаракатларини юқори баҳолаган. 

Туркия Республикаси Президенти Матбуот хизматининг ёзишича, Ражаб Тойиб Эрдўған Россия, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қабул қилинган битимга кўра, Ереван ўт очишни тўхтатиш ва қўшма баёнотдаги муҳим ваъдаларга риоя қилиши зарурлигини таъкидлаган. 

Шунингдек, Ражаб Тойиб Эрдўған Арманистон томонидан босиб олинган ҳудудларга озарбайжонликларнинг қайтарилиши ва Озарбайжон билан Нахичиван ўртасида йўлак очиш муҳимлигини қайд этган. 

Қон тўкилишини тўхтатишга имкон берган тўлиқ сулҳ тўғрисида келишувга эришиш муҳимлиги алоҳида қайд этилган. Баёнотда кўзда тутилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш доирасида янада яқин ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишиб олинган. 

Президентлар Сурия йўналишидаги ҳамкорлик масалаларини, шу жумладан сиёсий жараён ривожига кўмаклашиш ва инсонпарварлик муаммоларини ҳал қилишни муҳокама қилдилар. 

Суҳбатда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг долзарб жиҳатларига ҳам эътибор қаратилган. Икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ихтисослашган тузилмалар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, шу жумладан вакциналарни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик тасдиқланган. 

Тоғли Қорабоғ можароси

Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги навбатдаги қуролли тўқнашув жорий йилнинг 27 сентябрь куни бошланганди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилди.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.

Томонлар уч марта сулҳ тузди. Аммо уларнинг ҳеч бири муваффақиятли бўлмади.

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги муҳим аҳамиятга эга Шуша шаҳрини озод қилиши билан ҳарбий ҳаракатларда туб бурилиш ясалди. Эндиликда Озарбайжон ҳарбийлари тўғридан-тўғри тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг маъмурий маркази Хонканди (Степанакерт)га ҳужум қилиши мумкин бўлиб қолди.

Орадан кўп ўтмай эса томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича сулҳга эришди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та туманни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.

Шунингдек, Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари киритилади. Улар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи йўлакки жойлаштирилади. Расмий Баку тез орада назоратига ўтувчи Лочин тумани ҳудудида барпо қилинадиган йўлакдан ҳар икки томон фуқаролари хавфсиз ўтишини таъминлашга ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг