Парламент шу аҳволда бўлса, партияга қайтмайман – Кушербоев
Таҳлил
−
31 Июль 2023
16023Ўтган йилнинг декабрь ойида депутатликдан кетган Расул Кушербоев бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолигидан ҳам воз кечгани ҳақида хабар берган эдик. Собиқ депутатнинг келгуси режаларига қизиқиб, QALAMPIR.UZ у билан боғланди.
Ҳўш, ҳозирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Расул Кушербоев яна депутатликка қайтадими?
“Парламент ҳозирги аҳволда бўлар экан, ҳеч қачон депутатликка интилмайман”, деди Кушербоев саволга жавобан.
Собиқ депутатнинг энди ҳеч қачон Либерал-демократик партияга қайтмоқчи эмаслиги ҳам суҳбат давомида маълум бўлди.
“Агар келажакда яна қайтадиган бўлсам, нима учун партиядан кетдим?!”, деди истеҳзо билан.
Шу билан бирга, Кушербоев кейинчалик парламентга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгарса, яна олдингидек фаол сиёсий ҳаракатни давом эттиришини инкор қилмади.
Афтидан, у ижро органларида ҳам ўз келажагини кўрмайди.
“Мен ижро одами эмасман”, дея қатъий таъкидлади Кушербоев .
Лекин у ҳозирча кейинги режаларини очиқламоқчи эмас.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинганди. Мажлисда иштирок этган Расул Кушербоев мажлисга раислик қилувчи спикер ўринбосари – “Халқ” демократик партияси раиси Улуғбек Иноятовдан қайта-қайта сўз сўраганига қарамай, Иноятов уни эътиборга олмай, сўзида давом этганди. Кушербоевнинг овозини баландлатиши, қўл силкитиши ва ўрнидан туриши ҳам спикер ўринбосарининг эътиборини жалб қилолмаганди. Шундан сўнг бундай муносабатдан асабийлашган депутат мажлисни тарк этади ва бир неча кун ўтиб депутатлик фаолиятини якунлашини ҳам эълон қилади. 26 декабрь куни эса расман унинг ваколати тугатилди. Ўша куннинг эртасига, 27 декабрь куни Сенатнинг 36-ялпи мажлисида Кушербоевнинг кетишига сабаб бўлган қонун Сенатда бир овоздан маъқулланди.
Жорий йилнинг февраль ойидан эса собиқ депутат аввалги Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолиятини бошлади.
LiveБарчаси