Расул Кушербоев Тошкентга ҳоким бўладими?
Жамият
−
21 Январь 2023
33449Яқинда QALAMPIR.UZ’да Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажаришни ўз гарданига олган Бахтиёр Раҳмонов, шунингдек, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан кетишига пойтахтликларнинг фикри қандайлиги ҳақида туркум видеоматериаллар эълон қилинган эди.
Мазкур видеоларнинг изоҳларида эса нафақат тошкентликлар, балки кўплаб фуқаролар ҳам Тошкент шаҳрига собиқ депутат Расул Кушербоев ҳоким бўлиши кераклигини таклиф қилган. Бундай таклифлар бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам билдирила бошлагач, Кушербоевнинг ўзи бунга муносабат билдирди.
“Эрталаб турсам, шунақа гап тарқаб кетибди. Ўзим ҳам ҳайронман. Бу одамларнинг хоҳиши бўлиши мумкин. Лекин аниқки, раҳбариятнинг эмас. Чунки ёқадими-йўқми, ҳокимиятларда ҳокимларга ноқонуний топшириқлар жуда кўп. Шунинг учун ҳокимлар ўзлари истаган ва истамаган тақдирда ноқонуний топшириқларни ҳам бажаради. Масалан, ўтган йили Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанддаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ўшанда меҳмонлар Тошкент вилоятидаги темирйўл бўйидан юриб боришади, деб йўл бўйидаги кўп қурилишлар буздириб ташланди. Ҳукумат бунга 10-15 кун муддатда бузиб ташлаш ҳақида протокол билан буйруқ берганди. Ваҳоланки, қонун бўйича ва ҳукуматнинг 460-сонли қарори бўйича қурилманинг ноқонунийлигини суд аниқлаши керак. Бунинг учун эса камида 1-1,5 ой вақт кетади. Булар 15 кун вақт беряпти. Янгийўл шаҳар ҳокими эса қонунга қарамай бу ҳукуматнинг топшириғи, деб буздириб ташлади. Натижада у қонунни бузди. Лекин унга келганда прокурор ҳам, бошқаси ҳам кўз юмиб турди. Нимагаки, бу ҳукуматнинг топшириғи. Демак, ҳокимларга ноқонуний топшириқлар берилади ва ҳозирги шароитда ҳар қандай иқтидорли, билимли одамни ҳам бунақа ишлар синдириб қўйиши мумкин”, дейди Кушербоев ўз видеомурожаатида.
Шу сабабли Кушербоев ноқонуний топшириқлар бериб, ноқонуний ишлар бажариладиган жойда ишлашни истамаслигини, агар ҳокимиятларда фақат қонуний, виждонли ва тўғри маънода бир гуруҳ шахсларнинг эмас, одамларнинг, халқнинг манфаати йўлида ишлашга имкон берадиган шароит бўлсагина ҳоким бўлишга розилик беришини маълум қилган.
“Лекин ҳозирги вазиятда мободо менга шунақа таклиф берилган тақдирда ҳам мен буни рад этаман. Биламан, бу одамларнинг хоҳиши, бироқ раҳбариятнинг эмас. Чунки уларнинг кўп ноқонуний топшириқлари бўлади. Мен эса уларни бажаришни истамайман. Узр, оғайнилар!” деган у.
Кушербоев ўз фикрларини давом эттирар экан, эндиликда ҳокимларни тайинлаш йўлидан қайтиб, унинг ўрнига сайлаш тизимига тезроқ ўтиш кераклигини таклиф қилди.
“Ҳозир раҳбариятнинг менга кўзи ҳам учиб тургани йўқ. Одамлар буни хоҳлагани билан бизда ҳар доим ҳам одамларнинг хоҳиши инобатга олинавермайди. Агар сайлов йўлига ўтилса, ҳокимлар сайланадиган бўлса, бу бошқа гап. Ҳозир бизнинг ҳокимлар сайланмайди, тайинланади. Шунинг учун биз ҳокимларни сайлаш тизимига ўтишимиз керак. Ўйлайманки, президентни адашмай сайлай олаётган, депутатларни сайлай олаётган одамларимиз ўз ҳокимини ҳам сайлай олади, албатта”, дейди собиқ депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Расул Кушербоев парламентда унинг фикри эшитилмагани учун депутатликдан кетишга қарор қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь