Тошкентда хонадонида 13 кг қорадори сақлаган эр-хотин ушланди (видео)
3-саҳифа
−
04 Декабрь 4136 2 дақиқа
Тошкент шарида хонадонида 4 кг 200 грамм “Альфа ПВП” ва 9 кг “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситалари сақлаган эр-хотин ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Шохруҳ Ғиёсов хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб 1993 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Cobolt автомашинаси текширилиб, 83 грамм “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси топилган. Ҳайдовчи 2025 йилнинг бошидан Telegram платформасида фаолият юритувчи наркодоконда гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб, тарқатиб келаётгани аниқланган.
Тезкор тадбир Юнусободда давом эттирилиб, жиноий гуруҳнинг яна бир 3 нафар 2007 йилда туғилган аъзолари ушланган. Уларнинг қўлидаги сумкадан 730 дона “Мефедрон” олинган бўлса, ижара асосида яшаб келган хонадонда 354 дона бўлакларга ўралган “Альфа ПВП” ва 500 грамм “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси топилган.
Аниқланган уюшманинг раҳбарларини қўлга олишга қаратилган тезкор қидирув тадбирида асосий омбор мудири ушланган. 1984 йилда туғилган эркак ва унинг 1996 йилда туғилган аёли билан турган яшаш манзилида тинтув тезкор ҳаракатлари ўтказилган. Хонадонда 4 кг 200 грамм “Альфа ПВП” ва 9 кг “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситалари ва қадоқлашда фойдаланиладиган бошқа ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 17 кг ва бир маротабалик 85000 дозага тенг бўлган қорадори олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларини пулламоқчи бўлган шахслар қўлга тушганди.