Кушербоев депутатликдан нега кетди? Экслюзив интервью
Жамият
−
23 Декабрь 2022
24816Аввал хабар берганимиздек, бугун, 23 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев депутатлик лавозимидан воз кечди.
Хўш, унинг халқ вакиллик органидан кетиши сабаблари нима? Депутатларга босимлар ҳамон мавжудми? Нега мамлакатнинг 2023 йилдаги бюджети муҳокама қилинган мажлисда иштирок этмади? Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Олий Мажлис палаталарига мурожаат йўллаганидан кейин Кушербоев лавозимини тарк этиши кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. QALAMPIR.UZ ушбу саволлар билан Кушербоевга микрофон тутди.
“Парламентга бундай муносабат бўлаётганидан қаттиқ хафаман. Президентимиз парламент бу –демократия мактаби деган. Одамлар бу ерда демократия нималигини ўрганиши керак, ёшлар келиб баҳс-мунозараларни кўрсин, деган. Бу ерда халқнинг манфаати йўлида хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиниши керак бўлган жой деган. Шунча гаплардан кейин ҳам бошқа идораларнинг, айрим амалдор раҳбарларнинг депутатларга, парламентга муносабати бу йўсинда сақланиб қолаётганидан жуда ҳам афсусдаман. Қаттиқ хафаман”, дейди депутат.
Шунингдек, у амалдорларнинг муносабати амалда ўзгармаётганидан ташвишланаётганини қайта-қайта тилга олди.
“Бунақа жойда ишлаш қийин тўғриси. Ўзи зўрға юрибмиз. Кўп ишларимизнинг фойдаси бўлмаяпти. Шунинг учун яқин кунларда ишдан кетмоқчиман. Шунга қарор қабул қилдим. Бошқа йўли қолмади. Ўзгаришлар бўлишини хоҳлаяпмиз. Лекин кўп жойларда иккиюзламачилик бўлиб ётибди”, дея таъкидлади Расул Кушербоев.
Депутат ўз фикрини якунлар экан, бу вазиятда ўзининг ҳам айби борлигини билдирди.
“Асосий айбдор ўзимиз. Айб ўзимда. Ўзимда энг кўп камчиликлар бор. Шу шароитга мослашолмадим. Бунақа ишлар бўлаётганини ёнида туриб кузатиш ва чидаш қийин. Ҳақиқий азоб! Буни кейин тушуниб етарсизлар”, дея ўз афсусларини билдирди Кушербоев.
LiveБарчаси