Президент ташқи сиёсатдан норози ёхуд нафратга нисбатан назокатга қачон якун ясалади?
Таҳлил
−
16 Январь 9226 8 дақиқа
Бир вақтлар, тўғрироғи, биринчи маъмурият даврида хорижда меҳнат миграцияси билан шуғулланаётган ўзбекистонликларга нисбатан жирканиш билан муомала қилинган, уларга “дангаса”лар тамғаси ёпиштирилган бўлса, бугун давр ўзгарди. Мигрантлар мамлакат иқтисодиётининг асосий драйвери, локомативи экани тан олинди. Улар йўллаган пул очиқланиши бошланди.
Хўш, уларнинг шароити-чи? Қайси мамлакатда қай аҳволда қоляпти. Ҳуқуқлари топталмаяптими? Уларга инсондек муносабат қилиняптими? Давлатнинг мигрантларнинг кейинги ҳаётини яхшилаш борасидаги режалари қандай? Бу масала кимнидир ўйлантиряптими ўзи? Ўйлантиряпти, албатта. Ўйлантирганда қандоқ. Президент Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига оид йиғилиш ўтказиб, айнан шу масалани кўтарди.
Давлат раҳбарининг гапларидан сезиладики, унинг Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти, хусусан мигрантлар билан боғлиқ вазиятдан кўнгли тўлмаяпти.
Президентнинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотмоқда.
Давлат раҳбари ижтимоий тармоқлар, ахборот майдонида тарқалаётган хабарларни ўқимайди, видеоларни кўрмайди, десангиз адашасиз. Унинг ҳаммасидан хабари борлиги айтганларидан маълум. Хорижий мамлакатларда ўзбекистонликларга нисбатан ғайриинсоний муносабат бўлаётганидан ҳам, мигрантлар жиноят қурбонига айланаётганидан ҳам ёки улар ўтирган ресторангача хавфсизлик кучлари кириб бориб, рейд ўтказаётганидан ҳам хабари бор.
Аммо, Президент аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолаётганидан норози.
“Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт”, дейди Президент.
Президент ҳар бир ҳолат тафсилотига тўлиқ тўхталмаган бўлса-да, у нимани ва қайси давлатлардаги воқеаларни назарда тутаётганлигини англаш қийин эмас. Масалан, 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ўзбекистонлик мигрант, ўзимизнинг самарқандлик меҳнат муҳожири Россия кучишлатар тузилмалари – Махсус мақсадли мобил блок, яъни ОМОН томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида жон берди. Фақат бу ҳақидаги хабарлар воқеа содир бўлганидан 20 кун ўтиб, 2 январь куни Оммавий ахборот воситаларига тарқатилди. Унинг жасади бир ой ўтиб, Ўзбекистонга юборилди.
Ташқи ишлар вазирлиги токи ўзбекистонликнинг вафоти билан боғлиқ хабарлар Оммавий ахборот воситаларида тарқалмагунча, яъни 20 кун давомида мум тишлаб ўтирди. Миграция агентлигинику айтмай қўя қолайлик, миқ этмади, гўё бу уларга боғлиқ воқеа эмасдек.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралди.
Гап инсон ҳаёти, бир эмас, минглаб одамлар тақдири ҳақида бормоқда. Биргина ўлим вазиятнинг асл юзини ифода эта олмаслиги мумкин, аммо кўп нарса ҳақида ишора бера олади. Шундай вазиятда Ўзбекистондан Россияга Ташқи ишлар вазирлиги даражасида эмас, балки консулхона даражасида нота юборилиши қанчалик тўғри, деган саволни “Qalampir” кўтарганди. Президент эса фақат нота бериш билан чекланаётганидан норози бўляпти. Норози бўлганича бор, қачонгача ташқи сиёсатга масъуллар андиша, уят, назокат билан сиёсат қилади.
Мигрантларга нисбатан таҳқирловларга вақтида жавоб бера олмаётганимиз сабаб хавфсизликка масъул идоралар томонидан мигрантлар устидан юриталаётган сиёсат оддий одамларнинг ҳаётига ҳам кўчмоқда. Москва вилояти, Одинцово шаҳри Горки-2 туманида тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар боласи Қобилжон Алиевнинг 15 яшар ўқувчи томонидан ўлдирилиши шунчаки ваҳшийлик эмас, бу мамлакатда юритилаётган антимигрант сиёсатнинг оқибати. Қобилжон ўрнида ўзбек боласи ҳам бўлиши мумкин эди ва бунга яққол мисол ўзбекистонлик мигрантнинг ОМОН дўппослаши оқибатида ўлим топишидир.
Ташқи ишлар вазирлиги нота бериш билан чекланиши масаласига тўхталганда, яна бир масалага ойдинлик киритиб олиш керак. Вазирлик нота бериш масаласида ҳам ўта андишали. Россиядаги сиёсатчилар, сиёсий экспертлар, кремльпараст журналист ўз чиқишларида ўзбек миллати бўлмагани-ю, уни Ленин ўйлаб топгани, Ўзбекистон деган мамлакат Совет иттифоқи парчаланиши оқибатида юза келгани, унинг бугунги чегаралари инъом, неъмат экани иддао қилиниб, босиб олиш масаласи очиқ айтилганда ҳам Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақлашда давом этади. Хабарингиз бор, яқинда тележурналист ва пропагандист Владимир Соловьёв Россия Украинага қилган ҳужуми каби ҳарбий амалиётни Марказий Осиёда ҳам ўтказиши кераклигини айтиб чиқди. Ҳа, у бунгача бўлганларидек, айнан Ўзбекистон номини тилга олмади. Лекин, бу бизни айтмади, дейиш учун асос бўлолмайди.
Ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси Россиядаги фуқаро томонидан айнан Ўзбекистон мустақиллиги арафасида қулсан деб, ҳақорат қилинганини эсланг. Ҳеч ким миқ этмади. Шу воқеанинг эртасида Россия Ташқи ишлар вазири Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов томонидан қучоқ очиб кутиб олинди, камига Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси барпо этилган хотира майдонида нега рус тилида ёзувлар йўқлиги борасида дакки ҳам эшитилди.
Қани айтинг, россиялик оғзига кучи етмайдиган, шовинистик сиёсат тарғиботчиларига жавоб қайтариш фақат Қодиров, Қудратхўжа, Кушербоев каби фаолларнинг ишими? Қани Ташқи ишлар вазирлиги, қани парламент, қани партиялар? Қани давлат ва жамоат ташкилотлари? Ё сизнинг яшаш манзилингиз бошқами? Бошқа паспортингиз борми?
Йиғилишга қайтайлик. Президент хориждаги ёшлар ёки талабаларнинг ҳаётидан ҳам хавотирда. Президентнинг айтишича, уларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши керак.
Бундан буён элчилар “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлигини айтди, давлат раҳбари.
Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун бепул Колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилди.
Давлат раҳбари хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқаролар борлигидан ҳам ташвиш билдирди. Унинг қайд этишича, ўтган йили Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога “миграция амнистияси”ни қўллашга эришилган. Бошқа мамлакатларда ҳам ўзбекистонликларга қонуний асосда ишлашларига кўмаклашув, бу борада хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш, шу билан бирга фуқаролар ҳам ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиши лозимлиги айтилди.
Бундан буён миграция оқими кўпайиб бораётган давлатлар, айниқса, Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихоналардаги консулларнинг асосий вазифаси бўлади. Шунингдек, чет элдаги фуқароларни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократияни қисқартириш топширилди.
Ўтган йили АҚШ ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчилари учун махсус виза олишни соддалаштирди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқовга АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилди. Ҳар бир элчи хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш, аҳолини шунга мос касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлади. Бу борада Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Ўмон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳим.
Четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор. Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига юбориш айтилди. Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Президентнинг айтишича, жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилмоқда. Лекин давлат раҳбари қайси воқеаларни назарда тутгани маълум эмас. Расмий Тошкент одатда жаҳондаги урушлар номини тилга олмай муносабат кўрсатади.
Яқинда давлат раҳбари Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси ўзгаришга муҳтож эканлигини айтганди. Энди навбат Ташқи сиёсат фаолияти концепциясига. Президентга кўра, ушбу концепцияни ҳам янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарур.
Ўзбекистоннинг барча дипломатлари жорий йилда ҳам халқаро алоқалар жадвалида юқори фаолликни сақлаб қолиш, ташқи сиёсий кун тартиби янада сермазмун бўлиши учун жиддий саъй-ҳаракат қилиши зарур. Олий даражадаги ташрифларга бир ой қолганда эмас, анча олдин тайёргарлик кўриш, пухта ишланмаган шартномалар эртага истиқболсиз лойиҳага айланиши ёки инвесторлар йиллар давомида сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик керак.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига келганидан буён Буюк Британия, Испания, Индонезия, Австралия, Бразилия, Канада каби йирик давлатлар билан олий даражадаги ташрифлар ҳалигача амалга оширилмади. Йиғилишда Президент мана шу масалага алоҳида эътибор қаратиб, алоқалар суст бўлиб қолаётган давлатлар билан ҳамкорликни жонлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаганига эътироз билдирди. Олий даражадаги хорижий ташрифларга тайёргарлик сифатини ошириш, Ташқи ишлар вазирлигининг стратегик таҳлил ва режалаштириш салоҳиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Унинг айтишича, энди янгича руҳда ишлайдиган ва аниқ натижаларга эришадиган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган чин ватанпарвар дипломатлар даври келди.
Live
Барчаси