Давлат иши аёллар учун оғир, ҳақоратли ва жозибасизлигича қоляпти – Кушербоев
Жамият
−
24 Январь 2023
8805Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Элёр Акбаров кеча, 24 январь куни ярим тунда ўқитувчилар билан мажлис ўтказган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
У Элёр Акбаровнинг меҳнат қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузганлиги, ярим тунда мажлис қилганига ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилмоқда.
Кушербоевнинг айтишича, халқ таълими бошқармаси бошлиғига ярим тунда мажлис ўтказиш топшириғини Тошкент вилояти прокурори берган.
Шунингдек, Расул Кушербоев Элёр Акбаровнинг мажлисда Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлимининг аёл киши бўлган раҳбарига қўпол муносабатда муомала қилганини айтиб, бунга ҳам ҳуқуқий баҳо бериш кераклигини сўраган.
“Аёллар ярим тунда мажлис қилиниб ҳақорат қилинадиган бўлса, давлат ишида қанақа аёл ишлашга рози бўлади? Яна гендер тенглиги учун интиламиз деймиз. Бундан ҳозирча хулоса шуки, ноқобил эркак раҳбарлар туфайли давлат иши аёллар учун оғир, ҳақоратли ва жозибасизлигича қолмоқда”, деган у ўзининг Telegram саҳифасида.
Маълумот учун, Акбаров Элёр Исмоилович 2022 йилнинг декабрь ойида халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига асосан Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Элёр Акбаров ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Олмалиқ кон металлургия комбинати ижтимоий объектлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Бундан аввал, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбари ҳамда Халқ таълими вазирлигида қатор лавозимларда фаолият олиб борган.