Оқ уй Украинaга замонавийроқ қуроллар етказиб беришни ўйламоқда – ОАВ
Олам
−
12 Март 2022
8359АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти европалик ҳамкорлари билан Украина Қуролли Кучларига замонавийроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа қуролларни топшириш бўйича маслаҳатлашмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар тарқатди.
Қайд этилишича, бу мавзу атрофидаги мунозаралар Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг Словакияга режалаштирилган сафари арафасида давом этмоқда. Словакия Польша ва Руминия билан биргаликда Украинага қурол етказиб беришга рози бўлган.
Словакияда ҳам украиналикларга яхши маълум бўлган, душман самолётларини уриб тушириш учун ишлатиладиган С-300 зенит-ракета мажмуаси мавжуд.
Нашр манбаларига кўра, Пентагон Словакия билан Украинага гуманитар ёрдам ва ёқилғи ўтказиш учун кенг темир йўллардан фойдаланиш бўйича келишиб олиши мумкин.
Ҳозирда, Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Украина Ҳарбий-ҳаво кучларида 56 га яқин қирувчи самолётлар бор, бу уруш бошланишига қадар Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари имкониятларининг қарийб 80 фоизини ташкил қилади.
Қайд этилишича, Украина қирувчи самолётларини йўқотмаган, чунки у дрон ва “ер-ҳаво” синфидаги ракеталаридан фойдаланган.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа давлатлари ва АҚШ Украинага қурол етказиб бераётганига норозилик билдирганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь