Назарбоевнинг синглисига қарашли компания контрабандада гумонланмоқда 

Олам

image

Қозоғистон Бош прокуратураси республика собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг синглисига тегишли “Group Of The Companies Tda”да компаниясининг юкини кўздан кечириш чоғида декларациядан ўтказилмаган товарлар борлигини аниқлади. Бу ҳақда “Интерфакс” бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар берди. 

“Group Of The Companies Tda” МЧЖда юкини текшириш чоғида 287 миллион тенге (647 минг доллардан ортиқ) қийматидаги декларацияланмаган товарлар аниқланди. Компания директори ҳибсга олинди”, дейилади хабарда.

Давлат реестрига кўра, “Group Of The Companies Tda” МЧЖ таъсисчилари Анипа Назарбоева (Нурсултон Назарбоевнинг синглиси) ва Али Клишпаевдир.

Маълумот учун, Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан божхона ҳудудида текширув ўтказилиб, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ва товарларни сохта декларациялаш фактлари аниқланган. Республикага 165 миллиард тенге миқдорида зарар етган. Қайд этилишича, фақат Хитой билан чегарадош божхона постларида товарларни сохта декларация қилишнинг 367 та ҳолати аниқланган. Агентлик маълумотларига кўра, ваколатли хўжалик юритувчи субъектлар тадбиркорларни солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида сўнгги икки йил давомида 221 миллиард тенгелик ҳисобварақ-фактураларни сохталаштиришган. 6 ойлик текширувлар давомида 800 миллион тенгега контрабанда бўйича 16 та факт аниқланган.

Аниқланган барча фактлар бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.

Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.

28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди

2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг