НАТО Украинага қандай ёрдам бериши маълум қилинди
Олам
−
23 Март 2022
22378НАТО Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади, бироқ альянс Россия билан тўғридан-тўғри можарога йўл қўймаслик учун жавобгардир. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эртага, 24 март куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика альянси давлат ва ҳукумат раҳбарларининг фавқулодда саммити арафасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ўтган бир ой ичида иттифоқчилар ҳарбий ёрдамни кучайтириб, [Украинага] танкка ва ҳаво ҳужумига қарши тизимлар, учувчисиз самолётлар, ёқилғи ва ўқ-дорилар, шунингдек, молиявий ёрдам кўрсатишди ва миллионлаб қочқинларни қабул қилишди”, дейди Столтенберг.
У иттифоқчилар эртага бўлиб ўтадиган саммитда қўшимча ёрдам беришга розилик билдиришларидан умидвор эканини урғулади.
“Аммо биз жанговар ҳаракатлар Украина чегарасидан ташқарига чиқмаслиги ва НАТО ва Россия ўртасидаги можарога айланиб қолмаслиги учун жавобгармиз. Бу янада кўпроқ ўлим ва вайронагарчиликка олиб келади”, дейди альянс Бош котиби.
У, шунингдек, “НАТО иттифоқчилари 2014 йилдан бери ўн минглаб украиналик аскарларни ўқитган ва ҳозир улар олдинги сафда”, деб қўшимча қилди.
НАТО Украинага киберхавфсизлик ва кимёвий ва биологик ҳужумлардан ҳимоя қилиш соҳасида ҳам ёрдам беради.
“Мен етакчилар Украинага биологик, кимёвий, ядровий ва кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун қўшимча ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олишларини кутаман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг Украинадаги вазият бўйича фавқулодда саммити бўлиб ўтади. Украина Президенти Владимир Зеленский саммитда видеоформатда қатнашади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси