Медведев учинчи жаҳон уруши бошланиши эҳтимоли ҳақида гапирди
Олам
−
28 Июнь 2022
20575Украинанинг НАТОга кириши учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев “Аргументы и факты” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Медведевга кўра, Украинанинг НАТОга қўшилиши Россия учун Швеция ва Финляндиянинг Иттифоққа киришидан кўра анча хавфлидир.
“Қримга бостириб киришга ҳар қандай уриниш мамлакатимизга қарши уруш эълон қилишдир. Ва агар буни НАТОга аъзо бўлган давлат қилса, бу бутун Шимолий Атлантика альянси билан зиддият деганидир. Учинчи жаҳон уруши. Тўлиқ фалокат”, дея таъкидлади у.
Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарига кўра, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Россияга янги таҳдид ҳисобланмайди.
“Бу давлатлар авваллари Россия билан жуда ҳурматли ва ўзаро хайрихоҳ дейиш мумкин бўлган муносабатларга эга эди. Ҳудудий низоларга сабаб ҳам йўқ. Агар улар Иттифоққа қўшилиш орқали ўзларини яхши ва хотиржам ҳис қилсалар, омад тилаймиз. НАТО Швеция ва Финляндиясиз ҳам бизнинг мамлакатимизга яқин", дея қўшимча қилди Медведев.
Унинг таъкидлашича, агар Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия улар билан чегараларини “Искандар” ракета тизими, гипертовушли ракеталар ва ядро қуролига эга кемалар билан мустаҳкамлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
“Биз бу чизиқларни кучайтиришимиз керак. Болтиқбўйининг ядросиз мақоми ўтмишда қолади ва қуруқликдаги кучлар ҳамда денгиз флотининг шимолий йўналишларда гуруҳланиши жиддий равишда оширилади”, дейди Медведев.
Унга кўра, НАТО таркибидаги Украина Россия учун анча хавфли. Бунга ҳудудий низоларнинг ҳал этилмагани, шунингдек, ҳудудлар мақомини бошқача тушуниш сабаб бўлган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь