Каховка ГЭСи вайроналарининг жабрланувчилари 40 минг кишига етиши мумкин – БМТ
Олам
−
09 Июнь 2023
3927Каховка ГЭСи тўғонининг вайрон бўлиши оқибатида юзага келган сув тошқинидан жабрланганлар сони 40 минг кишига етиши мумкин. Бу ҳақда ҳафталик брифингда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Шабиа Манту маълум қилди.
Унинг айтишича, Херсон ва аҳоли пунктларида тўғон ёрилишидан кейин содир бўлаётган воқеалар даҳшатга сабаб бўлмоқда.
“Украина ҳукумати маълумотларига кўра, Херсон вилоятидаги 80 та шаҳар ва қишлоқлар, шунингдек, минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган. Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудда 17 мингга яқин одам тошқиндан жабр кўрган. Бироқ бу кўрсаткич 40 мингга етиши мумкин”, деган БМТ вакили.
Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари назорати остидаги ҳудудларда ҳам минглаб одамлар жабр кўрган. Ҳозиргача 2200 га яқин одам эвакуация қилинган ёки ҳудудни тарк этган.
Мантунинг билдиришича, минтақа аҳолисининг асосий эҳтиёжлари тоза сув, гигиена ва санитариядан фойдаланишдир. Ҳозирда ҳудудда юз минглаб одамлар тоза ичимлик сувидан маҳрум. Шунингдек, БМТ вакили сув оқими жиддий гуманитар оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган ва Херсон вилояти Украинанинг миналардан энг кўп зарар кўрган вилоятларидан бири эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди. Каховка ГЭСи ўрнида янги станция қуриш учун камида беш йил вақт ва бир миллиард гривна (27 миллион доллар) керак бўлиши маълум қилинди. 7 июнь куни эса Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь