Зеленскийнинг БМТ ва Қизил Хочдан ҳафсаласи пир бўлди
Олам
−
08 Июнь 2023
8161Кеча, 7 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан жуда ҳафсаласи пир бўлганини ва ҳайратда эканини айтди. Бу ҳақда у Германиянинг “Bild” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
Зеленский энг йирик халқаро ташкилотлар ёрдам сўровига жавоб бермаганини ва бу аслида “дипломатик тилда” рад этиш эканини билдирган.
“Бугун мен халқаро ташкилотларга миннатдорлик билдира олмайман. Мен ҳозиргина Ички ишлар вазири билан гаплашдим. Ундан халқаро ташкилотлардан ёрдам борми, деб сўраганимда, у на БМТ, на Қизил Хоч вакиллари жавоб бермаганини айтди. Биз жавоб олмадик. Мен шокдаман”, деган Украина Президенти.
Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолат учун жавобгарлар ҳақида гапирар экан, Зеленский мазкур ҳалокат фақат Россия ва ҳозир ушбу минтақани назорат қилаётган одамлар туфайли содир бўлганини таъкидлаган.
“Улар бу йўналишда қарши ҳужум бошлашимиздан қўрқади ва бизнинг ҳудудларимизни озод қилишга тўсқинлик қилмоқчи”, деди Украина етакчиси.
Шунингдек, ундан Украина Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми аллақачон бошланганми, деган савол ҳам сўралган. Бироқ Зеленский аниқ жавоб бермаган.
“Ҳужум бошланганда буни ҳис қиласиз”, дея хулоса қилган у.
Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди.