Каховка ГЭСи портлатилиши БМТ Хавфсизлик кенгашида кўриб чиқилди
Олам
−
07 Июнь 2023
7900Кеча, 6 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Каховка ГЭСидаги портлаш муносабати билан Украина илтимосига кўра фавқулодда йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.
Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўз олган БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс мазкур ҳолат Украинадаги одамларнинг аҳволи янада ёмонлашишини англатишини билдирган. Гриффитснинг таъкидлашича, БМТ ҳар қандай вақтда Россия назорати остидаги ҳудудларга конвойлар ва ёрдам ходимларини жойлаштиришга тайёр.
Россия ва Украинанинг БМТдаги доимий вакиллари эса бир-бирини Каховка тўғонини бузишда айблаган.
Украина вакили Сергей Кислица Россияни Каховка ГЭСини портлатишда айблаб, бу қадамни сўнгги ўн йилликлардаги Европадаги энг йирик техноген фалокатга айланган "кенг кўламли экологик террорчилик ҳужуми" деб атаган. Кислицанинг сўзларига кўра, Россиянинг мақсади имкон қадар кўпроқ одамга ва атроф-муҳитга катта зарар етказиш.
Ўз ўрнида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя тўғоннинг бузилишида Украина расмийларини айблаган.
“6 июнга ўтар кечаси Киев режими ақл бовар қилмайдиган жиноятни содир этди. Каховка ГЭСи тўғони бузилиши оқибатида сув Днепр дарёсининг қуйи оқимига назоратсиз оқа бошлади. Аҳоли пунктлари сув остида қолди, минглаб одамларни эвакуация қилиш керак ва у аллақачон бошланган. Минтақанинг қишлоқ хўжалиги ва Днепр экотизимига катта зарар етказилди”, деган Россия вакили.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолат Россиянинг Украинага бостириб киришининг яна бир ҳалокатли натижаси эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир бирини айблади. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия ҳам портлашда Россиянинг қўли бопрлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини таъкидлади.
LiveБарчаси