Каховка ГЭСининг портлаши ортида ким турибди?
Олам
−
07 Июнь 2023
19024Кеча, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг Россия томонидан вақтинча босиб олинган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғони портлаб кетди. Бунинг оқибатида ГЭС вайрон бўлди ва ҳудуддаги 3 та аҳоли пунктини сув босди. Бундан ташқари, вайронагарчилик ортидан станциядаги 450 тоннадан ортиқ машина мойи ҳам сувга оқиб кетди. Бу эса экологик муаммони ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шундай даҳшат кимнинг қўли билан қилинганига эса ҳали ҳам аниқ жавоб йўқ. Томонлар (Россия ва Украина) бу ишда бир-бирини айблашда давом этмоқда ва иккаласи ҳам ўз “далиллари”ни эълон қилмоқда.
Хусусан, Россия томони ГЭС Украина кучлари томонидан ўққа тутилганини айтмоқда. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг даъво қилишича, Украина Қуролли Кучлари Каховка ГЭСини бузиш мақсадида ўз бўлинмалари ва техникасини Херсон йўналишидан ҳужум операциялари ҳудудига ўтказган. Ундаги мавжуд маълумотлар Днепропетровск ГЭСида ҳам сув оқими сезиларли даражада ошганини, бу эса ҳудудларни янада кўпроқ сув босишига олиб келишини кўрсатган.
“Бу факт Киев режими томонидан олдиндан режалаштирилган кенг кўламли саботаждан далолат беради”, дейди Шойгу.
Вазирнинг қайд этишича, Украина Қуролли кучлари Днепрнинг ўнг қирғоғи мудофаасига ўтмоқда, бу унинг шу ерда мудофаага ўтиш ниятидан далолат беради.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Москва олдиндан Киевнинг Каховка ГЭСини йўқ қилиш режалари ҳақида хабардор бўлганини даъво қилган. Унинг айтишича, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя 2022 йилнинг кузида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришни Киевнинг Каховка ГЭСини йўқ қилиш режалари ҳақида огоҳлантирган. У ўзининг Telegram-каналига Небензянинг 2022 йил 21 октябрдаги хатини жойлаштириб, Гутерришга “бу ёғи нима бўлди энди” қабилида эътироз билдирган.
Бироқ Украина тарафи мутлақо бошқача сценарийни тақдим этмоқда. “Укргидроэнерго” компанияси Каховка ГЭСи ичкаридан содир бўлган портлаш оқибатида бузилганини айтмоқда. Мамлакат Президенти Владимир Зеленский ҳам ГЭС Россия назорати остида бўлгани, станция россиялик ҳарбийлар томонидан миналанганини таъкидлаган.
“Афсуски, бир йилдан ортиқ вақт давомида тўғонни ҳам, Каховка ГЭСини ҳам Россия назорат қилмоқда. Уни қандайдир тарзда ташқаридан – ўқ отиш орқали портлатиш – жисмонан ҳақиқатга тўғри келмайди. У рус босқинчилари томонидан миналанган ва улар томонидан портлатилган”, дейди Зеленский Бухарест тўққизлиги саммитидаги (Словакия, Польша, Чехия, Венгрия, Литва, Болгария, Эстония, Руминия, Латвия) нутқида.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Федерацияси туфайли Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг катта техноген экологик офат юзага келган. Зеленский Москвани цивилизация, табиат ва ҳаётга қарши курашаётгани, энди эса шафқатсиз экоцидда айбдор эканини айтган.
“Дунё бунга муносабат билдириши керак. Россия Украина тупроғини тарк этиши ва террори учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Баъзи Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар Украинага қўшилиб Россияни ГЭСдаги портлаш учун айблаган. Масалан, Германия канцлери Олаф Шольц Каховкадаги портлаш Президент Владимир Путиннинг услубига мос келишини айтган. Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Украинадаги шаҳарлар, қишлоқлар, шифохоналар, мактаблар ва бошқа фуқаролик инфратузилмаларига зарбалар бермоқда. Бу ҳам шу каби Украинада Россия ҳарбийлари томонидан содир этилаётган жиноятларнинг бир қисми. Сиёсатчининг билдиришича, Каховка ГЭСига қилинган ҳужум Украинани молиявий ва қурол-яроғ билан таъминлашда давом этиш қанчалик муҳим эканини кўрсатган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса Каховка ГЭСи тўғонининг вайрон бўлиши Россиянинг Украинадаги урушининг шафқатсизлигини яна бир бор кўрсатганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июнь куни Украинанинг Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғони портлатиб юборилганди. Киев ва Москва бир-бирини тўғонни портлатганликда ва Украина жанубида кенг кўламли сув тошқинига сабаб бўлганликда айблади. Украина Президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашини чақиртирди. Кенгаш тўғон портлатилиши юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни таклиф қилди.
LiveБарчаси