Каховка ГЭСини тиклаш қанчага тушади?
Олам
−
08 Июнь 2023
10554Каховка ГЭС ўрнида янги станция қуриш учун камида беш йил вақт ва бир миллиард гривна (27 миллион доллар) керак бўлади. Бу ҳақда “Укргидроэнерго” раҳбари Игорь Сирота маълум қилди.
“Янги станция қуриш учун 24/7 режимида ишлаганда камида 5 йил керак. Вайронагарчиликнинг тўлиқ кўламини ҳалигача билмаймиз. Нафақат станция, балки ўтиш жойлари, сув таъминоти, газ таъминоти ҳам зарар кўрган. Бу мураккаб гидроэлектр мажмуасини тузатиш вақт талаб этади”, деган Сирота.
Унинг сўзларига кўра, қурилиш уруш тугаганидан кейин бошланиши мумкин, ҳозир эса бузилган тўғонни қайта беркитиб, аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва саноатни сув билан таъминлаш зарур.
Сиротанинг қўшимча қилишича, “Укргидроэнерго” ходимлари оккупациядан кейин Каховка сув омборини имкон қадар тезроқ тўлдириш учун сув омборларининг юқори қисмига сув ғамлайди.
Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди.
LiveБарчаси