Қозоғистон ва Ўзбекистонда содир бўлган воқеалар бунга мисол – Лукашенко МДҲда провокациялар бошланишини айтди
Олам
−
14 Октябрь 2022
9658Ғарб стратеглари Евроосиё маконини таъсир секторларига бўлиб, МДҲ давлатларидан хомашё ва саноат қўшимчалари сифатида фойдаланмоқчи, шунинг учун Ҳамдўстлик аъзолари провокацияларга тайёр бўлиши керак. Бундай фикрни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко бугун, 14 октябрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг Остонада ўтаётган саммитида айтиб ўтди.
“Ўйлашимча, бу ерда ҳамма Ғарб стратегларининг асл мақсадлари анча кенгроқ – Евроосиё маконини таъсир секторларига бўлиш ва мамлакатларимиздан хомашё ва саноат қўшимчалари сифатида фойдаланиш эканини тушуняпти. Биз МДҲнинг бутун периметри бўйлаб турли хил провокацияларга тайёр бўлишимиз керак. Яқинда Қозоғистон ва Ўзбекистонда содир бўлган воқеалар бунга ишонарли ва жуда ибратли мисолдир. Лекин бу фақат бошланиши. Ҳамма чидамлилик учун синовдан ўтади”, дейди Лукашенко.
У сўзида давом этиб, МДҲ давлатларига қарши гибрид уруш бошланганини айтди.
“Афсуски, биз узоқ йиллар давомида гапирган нарсамиз амалга ошди, ҳақиқатга айланди. Барчамизга қарши ҳақиқий гибрид уруш бошланди. Украина эса бу ерда шунчаки баҳона. Айрим мамлакатларнинг ўтган асрдаги бой берилган юришлар учун қасос олиш режалари, сиз билганингиздек, Улуғ Ватан урушидаги (Иккинчи жаҳон уруши) ғалабадан кейинги дастлабки кунлардан бошлаб, балки ундан ҳам олдинроқ бошланган”, дейди Лукашенко.
Лукашенкога кўра, бугунги кунда Россия ва Беларусь иқтисодий ва молиявий ҳужумлар дучор бўляпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди
LiveБарчаси