Қорақалпоғистонлик депутатлар Мирзиёевга тартибсизликлар бўйича мурожаат йўллади
Жамият
−
20 Июль 2022
19325Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари Ўзбекистон Президентидан жорий йилнинг 2 июлида Нукус шаҳрида тартибсизлик уюштирганларни афв қилишни сўради. Бу ҳақда айни пайтда “Янги Ўзбекистон” газетаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, бугун, 20 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XXXI сессияси бўлиб ўтган.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2 июлдан жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилиш ва оммавий тартибсизликларни содир этганликда гумонланган айбсиз фуқароларни, хусусан, ёшларни афв этиш юзасидан депутатларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаатини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, сессияда депутатлар, маҳалла фаоллари, туман ҳокимлари сўзга чиқиб, бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеаларга ўз муносабатини билдирган ва Қорақалпоғистон халқининг бугунги кайфияти хусусида фикрларини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
Жорий йилнинг 15 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди. Унга Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова раислик қилади.
LiveБарчаси